Тошкент шаҳар ҳокимиятининг “хурмача қилиқ”ларига ДХА ҳам чидай олмади

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкентда дарахт кесганлар Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевнинг топшириғига кўра, ҳисбланган ҳақида “Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?” номли мақола берган эдик.

Мазкур мақола Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тарқатилган хабар ва QALAMPIR.UZ суриштирувларига асосланган эди. 

Давлат хизматлари агентлиги ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган хабарга раддия берди. Унда шундай дейилади:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида “Дарахтларни кесишга ким рухсат беради?” номи остида маълумот жойлаштирилди.

Бир неча ойдан бери Тошкент шаҳрида долзарб бўлиб келган дарахтларни кесиш муаммоси қатъий эътиборга олинганмикан, деб маълумотни ўқишни бошладик.

Эътиборимизни тортган жумла қуйидагича: “...Ҳоким ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича изоҳ сўраганида, “табиат кушандалари” диаметри 70-80 сантиметр бўлган 20 та дарахтни кесиш учун "Ягона ойна” давлат хизматлари марказидан 61 минг сўм эвазига рухсат олганликларини маълум қилишди...”

Бугунги кунда айрим соҳа ходимлари қонунчиликда назарда тутилган нормаларга асосланмаган ҳолда турли хил маълумотлар тарқатмоқда. 

Қолаверса, ҳозирда Республикада “Ягона ойна” деб номланган ташкилотни ўзи мавжуд эмас!

Давлат хизматлари агентлиги амалдаги қонунчиликка мувофиқ юзага келган вазиятга аниқлик киритди:

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан рухсатнома бериш жараёнини амалга оширишда ҳудудий экология органлари ўз хулосаларини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юбориши ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳудудий экология органларининг хулосаларига асосан рухсатномалар бериши лозим.

Ушбу маъмурий регламентга асосан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни рухсатнома олмасдан кесиш тақиқланади.

Ҳақиқий ҳолат қуйидагича:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасига қарашли Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан 2019 йил 29 майда Юнусобод тумани Давлат хизматлари маркази орқали берилган 9761057-сонли аризага асосан Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан 2019 йил 4 июнда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш юзасидан 884-сонли хулоса берилган.

Бироқ, Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан Юнусобод туман ҳокимлигининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномаси олинмаган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида айтиб ўтилган ва қоидабузарлар тақдим этган қоғоз парчаси, аслида дарахт кесишга рухсатнома эмас, балки ДХМга ариза топширилганлиги тўғрисидаги маълумот эди.

Ушбу давлат хизматини кўрсатишда ваколатли органлар туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳудудий экология органлари ҳисобланади.

Қолаверса, ушбу давлат хизматини кўрсатиш учун ундирилган энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдоридаги йиғимнинг (ўша “61 000 сўм”) асосий қисми туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳудудий экология органлари ҳисоб рақамларига ундирилган.

Хулоса ўрнида, матбуот хизматларидан турли хил маълумотларни омма эътиборига етказишдан олдин тўлиқ таҳлил қилишни ва масалани тўлиқ очиб беришни сўраган бўлар эдик".

Хуллас, Ортиқхўжаев жамосининг шошқалоқлиги яна бир бор панд берди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати ўз вазифасидан четлашиб, Матбуот хизмати эмас, аксинча, пиар хизмати ишини бажариб, ОАВдаги мақола ва мурожаатларга беписанд қараб келаётганди. Мана, оқибати. Матбуот хизмати ўзи тарқатаётган хабарнинг тафсилотларини аниқ ўрганмаса, ташкилотлар номини тўғри ёзишни билмаса... уларни Матбуот хизмати деб бўлармиди. Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ОАВ ходимлари учун Интерфакс ахборот агентлиги ходимлари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилган эди. Тренинг, ўқиш, ўрганиш, таҳлил қилиш ОАВдан кўпроқ Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизматидагиларга керакка ўхшайди...


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахт

Баҳолаганлар

246

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг