Тошкент шаҳар ҳокимияти ходимларни таътилга чиқаришни тавсия этяпти
Жамият
−
22 Март 2020
10349Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 21 мартдаги қарорига биноан бугун, 22 мартдан эътиборан Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари фаолияти вақтинча тўхтатилган эди. Мазкур қарор ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса ушбу қарорни қабул қилишда иш ҳафтаси 24 март кунидан бошланишини инобатга олингани, ходимларнинг келиш-кетишини ташкил этиш учун етарли вақт берилганини айтиб чиқди. Ҳокимликнинг навбатдаги баёнотида шундай дейилади:
“Аҳоли орасида коронавирус тарқалишининг хавфини камайтириш мақсадида шаҳримизда жамоат транспортининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Жамоат транспортининг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарорнинг 21 март куни қабул қилининишида иш ҳафтасини 24 март кунидан бошланиши инобатга олинган. Айнан шу вақт оралиғида ташкилот ва муассасалар раҳбарлари вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, ходимларини ишхоналарга келиш-кетишини ташкил этиш бўйича масалаларни ҳал этишига имконият яратилди.
Мабодо ташкилотлар томонидан ходимларини иш жойларига келтириш ва уйига қайтариш бўйича транспорт логистикасида муаммолар пайдо бўлса, ишни ходимнинг уйидан масофавий ташкил этиш ёки ходимларни таътилга чиқариш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилади”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 43 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь