Тошкент шаҳар ҳокимига ўринбосарлар тайинланди
Жамият
−
13 Июнь
7258Тошкент шаҳар ҳокимига 2 ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бахтиёр Ҳалимович Ҳайдаров Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Маълумот учун, Бахтиёр Ҳайдаров 1989 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. 2010 йилда Тошкент молия институтининг бакалавриат, 2012 йилда магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2009 йилда бошлаб, қатор масъулиятли вазифаларни бажариб келган. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий соҳада муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Шунингдек, Санжар Шуҳратович Тожиев Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Маълумот учун, Санжар Тожиев 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, 2003 йилда Тошкент давлат Шарқшунослик институтини бакалавриат, 2006 йилда магистратура йўналишларида тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2003 йилда бошлаган. Қатор масъулиятли лавозимларда, шу жумладан, Тошкент шаҳар Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.