“Тошкент-Марказий” темирйўл вокзалидан айрим поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади
Жамият
−
10 Июль
3939“Тошкент-Марказий” (Шимолий) вокзали орқали ҳаракатланувчи деярли барча поездлар 15 июлдан 15 августгача “Тошкент-Жанубий” вокзалдан жўнайди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Тўқимачи” ҳамда “Тошкент йўловчи” бекатлари оралиғидаги темирйўлда таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Шу боис “Олмаота-Тошкент-Олмаота”, “Тошкент-Новосибирск-Тошкент”, “Тошкент–Самара–Тошкент” йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда “Тошкент–Ҳожикент–Тошкент” шаҳарлараро поездларидан ташқари бугунги кунда “Тошкент-Марказий” темирйўл вокзалидан қатновини амалга ошириб келаётган барча йўловчи поездлар Тошкент-Жанубий вокзалдан ўз ҳаракатини бошлайди.
Жумладан, бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари, “Шарқ”, “Насаф” ҳамда “Тошкент–Андижон–Тошкент”, “Тошкент–Волгоград–Тошкент”, “Душанбе–Тошкент–Душанбе” йўловчи поездлари “Тошкент-Жанубий” вокзал ҳудудидан рейсларини амалга оширади.
“Тошкент-Марказий” ҳамда “Тошкент-Жанубий” вокзалларидаги барча чиптахоналар туну кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, чипталарни электрон тарзда ҳам олиш мумкин.
Билдирилишича, бир ой мобайнида “Тошкент-Марказий” вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган ёки янглишиб Марказий вокзалга келиб қолган йўловчиларни “Тошкент-Жанубий” вокзалга олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар ҳам қўйилади.