Тошкент ХТББ қизини мактабга ҳижобда келишини сўраган аёлни таҳдид қилишда айблади

Жамият

image

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қора-қамиш 1/2 даҳасида жойлашган 233-мактаб директори Ўғилой Кабуловна рўмол ўраган қизларни мактабга киргизмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, мазкур ҳолат Олмазор туман халқ таълими бўлими ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Ҳозирда 233-сонли умумтаълим мактабида 1657 нафар ўқувчи таълим олмоқда, таълим рус тилида олиб борилади. Ижтимоий тармоқлар орқали расми кўрсатилган вояга етмаган қиз мактабнинг 3-синфи ўқувчиси бўлиб, жорий ўқув йилида пандемия сабабли ўқувчининг ота-онаси талаби билан ўқувчи III-чоракка қадар масофавий шаклда таълим олган.

2021 йил 18 январь куни ўқув йилининг III-чорак  бошида ўқувчи қизнинг онаси мактабга келиб қизи ҳижобга кирганлигини, дарсларда ҳижобда ўтиришига мактаб маъмуриятидан рухсат беришини сўраган. Акс ҳолда у вояга етмаган фарзандини дарсга юбормаслигини айтган.

Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчининг онасига, ҳар бир мактаб ўзининг тасдиқланган ички тартиб-қоидалар тўғрисидаги Низомга амал қилган ҳолда муассасанинг фаолиятини ташкил этиши ҳақида тушунтирилган. Жумладан, ўқув тарбия жараёнларини ташкил этилиши юзасидан тасдиқланган Низом асосида фаолият олиб бориши ва унда ўқувчилар кийиниш маданиятига риоя этилиши ҳам кўрсатиб ўтилгани, мактаб Уставида белгиланган талабларга кўра ота-оналар фарзандларини мажбурий таълимга жалб этиши шартлиги белгиланган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси  билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-боби (“Таълим муассасаси ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш ва уларга қўйилган талаблар”) га асосан, Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин конфессиялари ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги ҳақида тушунтирилган. Мактаб биносидан ташқарисида эса вояга етмаган қизларнинг  рўмол ўраб юришига мактаб маъмуриятининг ҳеч қандай эътирози йўқлиги айтилган.

“Она мазкур жавобга қониқмасдан, агар қизим ҳижобда келишига рухсат берилмаса унинг отаси ўзини осиб қўяди, деган таҳдид билан мактабдан фарзандини олиб чиқиб кетган”, дейилади бошқарма хабарида.

Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчининг ота-онасига фарзандини мактабга юборишини сўраб бир неча маротаба оғзаки мурожаат этилган. Натижа бўлмагач, ўқувчини мактабга қайтаришда амалий ёрдам сўраб  мактаб маъмурияти томонидан ёзма равишда “Қичқириқ” МФЙ ва участка профилактика нозирига мурожаат қилинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб

Баҳолаганлар

1600

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг