Тошкент Имрон Хоннинг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда

Жамият 12130
image

Тошкентда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда. Кеча, 10 июль куни Имрон Хоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этган. 

Қайд этилишича, Олий даражадаги ташриф арафасида қатор икки томонлама иқтисодий тадбирлар, шу жумладан, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, Ўзбекистон˗Покистон бизнес форуми ва Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади.

Бизнес-форумда Покистон ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакиллари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот-коммуникация сектори, логистика, қурилиш, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этади. Тадбирда инвестиция ва савдо компаниялари раҳбарлари, шунингдек, Покистоннинг йирик банклари ҳам қатнашиши кутилмоқда.

“Айни пайтда икки давлат ўртасидаги иқтисодий шериклик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланиб, шу муносабат билан мамлакатимиз вазирликлари, идоралари, саноат бирлашмалари ва ҳудудлари раҳбарлари олдига Покистон компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ва аниқ инвестиция лойиҳалари ва қатъий савдо битимларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни режалаштирилган тадбирларда иштирок этишга жалб қилиш ва покистонлик салоҳиятли ҳамкорлар билан тегишли келишувларга эришишда уларга кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тижорат банклари раҳбарларига ҳамкорликка оид аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида покистонлик ҳамкасблари билан бевосита ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини ишга солиш топшириғи берилди”, дейилади вазирлик ахборотида.

Имрон Хон Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, мулоқот ўтказиши, шунингдек 15-16 июль кунлари бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиши кутилмоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 268
Рейтинг: 3
Теглар
t
×