Тошкент – 2021: таиландлик спортчи Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди  (фото)

Спорт 6850
qq

Бугун, 8 декабрь куни Тошкентда давом этаётган оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатининг 2-кунида аёллар ўртасида 49 кггача бўлган вазнли атлетлар ўртасида финал беллашуви ўтказилди ва унда таиландлик Суродчана Хамбаога тенг келадиган рақиб топилмади.

Ғолиблик учун кураш эса япониялик Рира Сузуки, Ибуки Такахаши ва таиландлик Суродчана Хамбао ўртасида кечди. 

Даст кўтариш машқида Таиланд вакиласи биринчи ўринни эгаллади, иккинчи поғонани япониялик Рира Сузуки эгаллаган бўлса, кучли учликка Туркманистон терма жамоаси аъзоси Юлдуз Жумабоева якун ясади. 

Силтаб кўтариш машқида медаллар учун курашда бошқа бир япониялик Ибуки Такахаши туркманистонлик спортчини ортда қолдириб, кичик бронза медалини қўлга киритган бўлса, Сузуки иккинчи, Хамбао эса биринчи поғонани банд этди. 

Шу тариқа, Суродчана Хамбао икки кураш якунига кўра, Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. 

Аёллар. 49 кг: 

Суродчана Хамбао (Таиланд) – 193 кг (86+107 кг); 
Рира Сузуки (Япония) – 179 кг (78+101 кг);
Ибуки Такахаши (Япония) – 172 кг (71+101 кг).

Эслатиб ўтамиз, аёллар ўртасида 45 кг вазн тоифасида ҳам таиландлик  Сукчарён Тханятон 172 кг натижа билан олтин медалга эга чиққан эди. 

Маълумот учун, ушбу вазн тоифасида ўзбекистонлик Зуҳра Отажонова ҳам баҳсларда иштирок этди. Бироқ у умумий ҳисобда 150 кг натижа эвазига 11-ўринни эгаллади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 79
Рейтинг: 3.2
t
×