Тошкент ҳавоси ифлосланиши бир неча кун давом этади – Ўзгидромет
Жамият
−
17 Ноябрь 3065 1 дақиқа
2025 йилнинг 16 ноябрь куни соат 20:00 ҳолатига кўра, Тошкент атмосферасидаги майда заррачалар миқдори меъёрдан бир неча баравар ошди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PM10 майда дисперсли заррачаларнинг миқдори 373 мкг/м3 ни ташкил этган, бу рухсат этилган меъёрлардан (РЕМ) (300 мкг/м3) 1.2 марта баланд. PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 202 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу рухсат этилган меъёрлардан (РЕМ) (60 мкг/м3) 3.4 марта ошган.
Агентликка кўра, ифлослантирувчи моддалар миқдори SanQ ва N 0053-23 рухсат этилган меъёрлари билан таққосланади. Кўрсаткичларнинг ошишига ҳарорат ўзгариши ҳам сабаб бўлган. Ҳароратнинг кескин ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг тўпланишига ва атмосфера ҳавосидаги концентрациясининг ошишига олиб келади.
“Бундай об-ҳаво шароити Республика бўйлаб бир неча кун давомида сақланиб қолади. Республикамиз аҳолиси ҳамда меҳмонларидан эҳтиёт чораларини кўришларини сўраймиз. Очиқ ҳаводаги фаолиятларини қисқартиришлари, ташқарига чиққанда ниқоб тақишлари тавсия этилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаводаги зарарли чанг миқдори меъёрдан анча ортиб кетганди.