Тошкент ҳали тўлиқ ўрганилмаган – Президент Тошкент шаҳри музейига ташриф буюрди

Жамият

image

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 январь куни пойтахтдаги бунёдкорлик ишлари билан танишув чоғида Тошкент шаҳри музейини ташкил этиш бўйича тавсиялар берган эди. Адиблар хиёбони ёнидаги бино реконструкция қилиниб, мазкур музей шу ерга жойлаштирилди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳри музейи 2200 йиллик тарихга эга бўлган ҳудуднинг қадим ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, илм-фани, маданияти ва санъатини ўзида акс эттиради. Ҳозиргача бу ерда мингга яқин экспонатлар тўпланган. Музей фондини бойитиш изчил давом эттирилмоқда.

Биринчи қаватда “Тошкент – илм-фан маркази”, “Тошкент – бағрикенглик шаҳри”, “Амалий санъат. Кундалик ҳаёт ва маданият” деб номланган экспозициялар ташкил этилган. Иккинчи қаватда қадимий иш қуроллари, хўжалик буюмлари, қадамжоларнинг макетлари намойишга қўйилган.

Экспонатларга ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги матнлар билан шарҳ берилади. Мониторлар, инфокиосклар ва бошқа технологиялар ёрдамида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

“Бу биринчи қадам. Тошкентда илмий тадқиқотлар учун жуда катта манба бор. Лекин шу пайтгача яхлит ва тўлиқ ўрганилмаган. Энди 2200 йиллик тарихни даврма-давр ўрганиш, музейни ашёвий далиллар билан бойитиб, шаҳар цивилизациясини тўла юзага чиқариш керак“, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда илмий-тадқиқот институти ташкил қилиш, археологларга шароит яратиш, изланишлар натижаси бўйича китоблар чоп этиш зарурлиги таъкидланди. Маҳалла ва мактаб ёшларини бу ерга олиб келиш, бошқа шаҳарларда ҳам шундай музейлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қайд этилишича, Музей Адиблар хиёбони ёнида ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Ёзувчи ва шоирлар, тарихнавислар унинг фаолиятини жонлантириш, хорижликларга тарғиб этишга ҳисса қўшади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбонига ташриф буюрган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри музейи

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made