Россиялик депутат Қозоғистон шаҳарлари асли русларники эканини даъво қилди
Олам
−
31 Май
17509Россия Давлат Думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой Қозоғистон шаҳарлари асли русларники экани, шунинг учун Россия Федерацияси уларга тарихий ҳуқуқларга эгалигини даъво қилди. Бу ҳақда у “Комсомольская правда” радиосига берган интервьюсида сўз очди.
Толстой кўплаб давлатлар Россия “Украина мавзусини ёпаётганини” кузатаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, агар Россия "бу мавзу ёпилмаса", Қозоғистон, Арманистон ва бошқа қўшни давлатлар билан муаммога дуч кела бошлайди.
Бошловчининг Россиянинг Қозоғистон билан қандай муаммолари бўлиши мумкинлиги ҳақида сўраганида, Толстой шундай жавоб берди:
"У ерда маълум бир қозоқ давлати қурилмоқда, мустақиллик ҳақидаги миллий мифология гуллаб-яшнамоқда".
Мисол тариқасида, Толстой бошловчига Қозоғистон расмийларининг лотин алифбосига ўтиш ғоясини диққат билан кўриб чиқишни маслаҳат берган. Депутат қозоғистонликларни ўз тарихини “қайта ёзиш”да айблади.
“Мен Павлодардаги рус ўқитувчиларини бу шаҳарни руслар қурган, дейишса, кечирим сўрашга мажбур қилишларига қаршиман. Ва мен уларнинг Олмаота бизнинг Верний шаҳримиз, рус казаклари қалъамиз эканлигини унутишларига қаршиман. Сиз бутун ерни Хитойга, барча минерал ресурсларни инглизларга сотган бўлсангиз ҳам, барибир қўшниларингиздан ажралиб турмаслигингиз керак, қўшниларингиз билан яхши муносабатда бўлишингиз керак”, деган россиялик сиёсатчи.
Толстой 2022 йил январида намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида кенг тарқалган тартибсизликлар ва тўқнашувлар фонида КХШТ қўшинларининг Қозоғистонга киритилишига ишора қилиб, "Биз уларни қутқардик", деб қўшимча қилди.
Қозоғистон томонидан Толстойнинг сўзларига муносабат аллақачон янгради. Мамлакат парламенти депутати Мурат Абенов Россия парламенти вице-спикерининг баёнотларини “провокацион” ва Россия учун зарарли деб атади. Қозоғистон Сенати спикери Маулен Ашимбаев эса Толстой шахсий шахс сифатида гапира олади, деган фикрни билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Пётр Толстой собиқ Совет иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган мигрантлар ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов Толстойнинг "даъват"ларига жавоб қайтариб, Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмаслигини айтганди. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров эса Ўзбекистон ҳам Пётр Толстой илгари сураётган йўлдан борса, мамлакатдаги ўзбек тилида сўзлашмайдиган ходимларни ишдан бўшатиши керак бўлишини, лекин бу мамлакатнинг танлаган йўлига тўғри келмаслигини айтганди.
LiveБарчаси