“Толибон” янги тақиқлар жорий қилди
Олам
−
22 Ноябрь 2021
20616“Толибон” Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритганига 100 кун тўлиши арафасида тартиб-қоидаларини янада қатъийлаштирди. Ўзининг саккиз банддан иборат янги йўриқномасини эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Афғонистонда “Толибон” ҳукумати жорий қилган янги қоидаларга кўра, аёлларнинг теледастурларда иштирок этиши тақиқланди. Аёл журналистлар ва бошловчиларга ҳам экранда рўмол ўраш буюрилган, гарчи қандай ўраниш кўрсатилмаган бўлса ҳам.
Афғонистон телеканаллари учун эълон қилинган “Толибон”нинг сўнгги йўриқномалари саккизта янги қоидани ўз ичига олади. Жумладан, шариат (ёки ислом) тамойиллари ва афғон қадриятларига зид деб топилган фильмларни, шунингдек эркакларнинг интим аъзолари тасвирини кўриш тақиқланади.
Бундан ташқари, динни камситувчи ёки афғонлар учун ҳақоратомуз деб ҳисобланиши мумкин бўлган комедия ва кўнгилочар кўрсатувлар ҳам тақиқланган.
“Толибон” чет эл маданий қадриятларини тарғиб қилувчи хорижий фильмлар эфирга узатилмаслигини талаб қилмоқда.
Маълум қилинишича, Афғонистон телеканалларида асосан аёл бош қаҳрамонлар иштирокидаги хорижий драмалар намойиш этилади.
Мамлакатда журналистлар вакили бўлган ташкилот аъзоси Хўжатуллоҳ Мужаддейнинг айтишича, янги чекловлар эълон қилиниши кутилмаган бўлган.
Унинг маълум қилишича, айрим қоидалар амалда қўлланмаяпти, агарда уларга амал қилинса, телерадиокомпаниялар ёпилишга мажбур бўлиши мумкин.
Аввалроқ, Толибоннинг қизлар ва ёш аёлларни мактабдан четлаштириш ҳақидаги қарори Афғонистонни дунё аҳолисининг ярмини таълим олишини тақиқлаган ягона давлатга айлантирган эди.
Орада Қобул шаҳар ҳокими ҳам аёл ходималарининг ишга чиқишларини ман этган. Эркаклар эплай олмайдиган вазифа бўлган тақдирдагина, ишлай олишлари мумкинлигини айтган.
“Толибон” муваққат ҳукумати ҳар икки чекловнинг вақтинчалик экани, фақат хотин-қизларнинг хавфсизликларини таъминлаш мақсадини кўзда тутганлигини даъво қилиб келади.
Журналистлар янги қоидаларнинг айримлари мавҳум экани ва турлича талқин этилиши мумкинлигини айтишмоқда.
Маълумот ўрнида, ҳаракат Афғонистонни илк бор эгаллаган 90-йиллар бошларида мамлакатда ўзининг талқинидаги Шариатни ўрнатган, хотин-қизларнинг ишлаш ва таълим олишларини буткул маън этган. Уларнинг барчасини бирдек ўранишга мажбур қилганди.