Хитой “Толибон”га таклиф билан чиқди
Олам
−
24 Октябрь 2019
7480“Толибон” ҳаракати Афғонистонда тинчликка эришиши бўйича яна музокараларни бошлайдиган кўринади. Бу сафар “Толибон” музокаралари учун Ўзбекистон, Россия ёки Норвегия эмас, Хитой ўз эшикларини очиши мумкин. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракатининг Доҳадаги сиёсий қаноти Матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шаҳин маълум қилди.
Суҳайл Шаҳиннинг маълум қилишича, “Толибон” етакчисисиёсий масалаларга жавобгар мулла Бародар Охунд Доҳада Хитойнинг Афғонистондаги маҳсус элчиси Эйдан Жижун ва Хитойнинг Қатардаги элчиси билан учрашган.
“Хитой афғонлараро мулоқотда қатнашиш учун ҳайъатимизни таклиф қилди”, деб ёзди Суҳайл Шаҳин.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ва АҚШ ўртасидаги 1 йилга яқин давом этган музокаралар ҳеч бир натижага олиб келмай якунланди. Бунга Кобулдаги портлашда Америка аскарининг ҳалок бўлиши ҳам сабаб бўлди. Портлашдан кейин Трамп биргина твит билан бутун бошли музокараларни йўққа чиқарди.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласи бугунги кунда дунё жамоатчилигининг диққат эътиборида бўлиб турибди. Афғонистон масаласида Ўзбекистон ҳам ташаббускор бўлиб, 2017 йилда Шавкат Мирзиёев таклифи билан Тошкентда катта халқаро анжуман ўтказилди.
LiveБарчаси