“Толибон” вакили Ўзбекистон қайтармаётган техникалар муносабатларга таъсир қилмаслигини айтди
Жамият
−
14 Январь 2022
31573Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатининг муваққат ҳукумати аввалги тузум қулаши чоғида Ўзбекистон ва Тожикистонга ўғирлаб кетилган самолёт ва вертолётларни қайтариш бўйича музокараларни бошлагани ҳақида хабар эдик. “Толибон” ҳаракати сиёсий идораси Матбуот котиби Суҳайл Шаҳин авиация техникаси атрофидаги қарама-қаршиликлар қардош давлатлар билан муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстратсиясига яқин манба – “Nigoh” канали маълум қилди.
Қайд этилишича, Суҳайл Шаҳин Ислом амирлиги Ўзбекистон билан азалдан яхши муносабатларга эга бўлгани ва эга экани ҳамда бу давлат узоқ вақтдан бери “Толибон”нинг сиёсий раҳбарияти билан яхши алоқа ўрнатганини таъкидлаган.
“Ўзбекистон Афғонистон халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатган, бунинг учун биз ундан миннатдормиз. Бу давлат Афғонистондаги мегалойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш ниятида. Биз иккаламиз ҳам мусулмон давлатмиз ҳамда бир-биримиз билан тинчлик ва биродарликда яшашни хоҳлаймиз. Биз бу ва бошқа ҳар қандай масалани дипломатия йўли билан ҳал қилишимизга ишонаман”, дейди “Толибон” вакили.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. Ҳаракат Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагач, афғон учувчилари мамлакатни тарк этган.
Шундан сўнг 465 нафар афғон ҳарбий учувчилари оила аъзолари билан Ўзбекистонда бўлиб турганди. “Толибон” эса уларни қайтаришни талаб қилаётганди. Шу орада Ўзбекистон қочиб ўтган афғон учувчилари оилалари билан Америка базасига кўчирилиши ҳақида АҚШ билан келишди.
LiveБарчаси