“Толибон” вакили АҚШдан ёрдам сўради

Олам 8246
image
-

Ҳозирги афғон расмийлари халқаро ҳамжамиятга берган ваъдаларини бажариш учун қўлидан келганини қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 июль куни бўлиб ўтаётган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференциясида иштирок этаётган Афғонистондаги муваққат ҳукумат ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақи айтиб ўтди.

“Афғонистон барча давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни хоҳлайди ва бунга тайёр. Биз халқаро ҳамжамиятга берилган барча ваъдаларни бажариш учун ҳамма нарсани қилдик, ИШИДни йўқ қилдик, Афғонистонни бирлаштирдик, энди у ягона давлат”, дейди у ўз нутқида. 

“Толибон” томонидан шакллантирилган Афғонистон ҳукуматининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Қўшма Штатларни хорижий банкларда блокланган афғон активларига тақиқни олиб ташлашга чақирди. Бу, унинг фикрича, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши учун жуда ижобий бўлади.

Муттақи, шунингдек, мамлакат расмийлари барча халқаро гуманитар ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга ва уларнинг вакиллари хавфсизлигини кафолатлашга тайёр эканини таъкидлади.

“Биз Афғонистон тинч ва барқарор давлатга айланишини истаймиз”, дейди у. 

Унинг фикрича, Тошкентдаги бу галги конференция Афғонистон бўйича ўтган халқаро форумлар билан солиштирганда ижобийдир. 

“Бу биринчи халқаро анжуман бўлиб, унда тинчлик ўрнатиш ҳақида эмас, балки мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал этиш ҳақида сўз бормоқда”, дея қўшимча қилган Муттақи. 

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узишга чақирди. Шунингдек, давлат раҳбари, жаҳон ҳамжамиятидан Афғонистон расмийларининг мамлакатни можародан кейинги тикланиш, мустақил, барқарор ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашни сўради

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 156
Рейтинг: 3.1
t
×