Афғонистон ҳукуматини террорчилар билан алоқани узишга чақирамиз – Мирзиёев

Жамият

image

Афғонистон муваққат ҳукумати жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларига риоя қилиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 26 июль куни бўлиб ўтаётган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида сўз борган.

“Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз”, дейилади Президент мурожаатида. 

Давлат раҳбарининг мурожаатини Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирган. 

QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, конференцияда:

Афғонистон йўналишида халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини, ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланиши, афғон халқига шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

Афғонистон янги ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларини (кенг вакиллик асосида ҳукумат тузиш, хотин-қизлар ҳуқуқларига риоя қилиш ва қизларнинг тўлақонли мактаб таълими олишини таъминлаш) бажариш жараёнини тезлаштириш масаласида халқаро самарали мулоқотни йўлга қўйиш;

Афғонистон Муваққат ҳукумати томонидан ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни давлатлар, минтақанинг бошқа давлатлари ва бутун дунё хавфсизлиги манфаатларига қарши фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича олган мажбуриятларни тасдиқлаш;

Афғонистоннинг чет элдаги молиявий активларига қўйилган чековларни бекор қилиш, шунингдек, мамлакат ҳудудида транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини тушунтириш масалалари муҳокамага қўйилган.

Юқоридаги шартларнинг бажарилишига тўхталар экан, Президент Мирзиёев шундай дейди:  

“Бу муваққат ҳукуматга ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболларни очади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг