“Толибон” ўзбекларни қийноққа соляптими? Мирзиёевнинг махсус вакили жавоб берди
Жамият
−
17 Декабрь 2021
24924Халқаро оммавий ахборот воситаларида Афғонистонда яшаётган ўзбекларни қийноққа солинаётгани, ўз она тилини ўрганишда қаршиликларга учраётгани ҳақида тарқатилган хабарлар ҳақиқатга мос келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.
“Афғонистонда яшаётган ўзбекларни қийнаш, имкониятларини қисқартириш, ўзбекларга ўзининг она тилини ўрганишга рухсат берилмаётгани ҳақида нотўғри маълумотлар тарқаляпти. Мен шуни айтиб ўтмоқчиманки, ҳар сафар афғонистонлик ҳамкасбларим билан учрашганимда ушбу мавзуга алоҳида эътибор бераман ва ҳар бир маълумотни текшириб боришга ҳаракат қиламан”, дейди Исматулла Иргашев.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Афғонистон Бош вазирининг ўринбосари Абдул Салом Ханафий Ўзбекистон томонини хотиржам бўлишга, мамлакатнинг шимолидаги барча ўрта-махсус мактабларида ўзбек тилини ўрганиш дастури сақланиб қолишига, шу билан биргаликда, Термиздаги олийгоҳда ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассислар тайёрлашни давом эттиришга ишонтирган. У шунингдек бу ўқитувчилар уларга ҳаводек зарурлигини қўшимча қилган.
Исматулла Иргашев Афғонистонда ўзбек миллатининг тилини, маданиятини сақлаб қолиш мавзусида мамлакатнинг янги Маданият вазири билан ҳам гаплашганини айтиб ўтган.
“Мен “Толибон” ҳукуматидаги Маданият вазири билан ҳам гаплашдим. У "биз сиз билан аввалги ҳукуматимизнинг тил, адабиёт ва маданият борасидаги барча келишувларига содиқмиз, уни давом эттирамиз. Масалан, афғон ерларида бўлган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Машрабнинг қабрларини сиз билан биргаликда обод қиламиз. Бу масалалар доимий назоратимизда бўлади”, деб таъкидлади”, дея Иргашев Афғонистон расмийи билан бўлган мулоқотини ёдга солган.
Маълумот ўрнида, аввал ҳам “Толибон” Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақомини бекор қилгани ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга ойдинлик киритиб, мамлакат “Толибон” расмийлари билан доимий алоқада экани ҳамда ўзбек тили расмий тил сифатида қолиши ҳақида хабар берганди.
LiveБарчаси