БМТ украиналиклар қийноққа солинганининг янги далилларини топди
Олам
−
25 Сентябрь
4141Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида қамоққа олинган тинч фуқаролар ва ҳарбий асирлар Россия томонидан тайинланган маҳаллий “ҳокимият вакиллари”нинг розилиги билан мунтазам равишда қийноққа солинган. Бу ҳақда жорий йилнинг 23 сентябрь куни эълон қилинган БМТнинг Украинадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича тергов комиссияси ҳисоботида келтирилган.
Янги далиллар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертларининг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида, айниқса қамоқхоналарда қийноқлар кенг тарқалганлиги ҳақидаги олдинги хулосаларини тасдиқлайди, шунингдек, маҳбусларни қийнашда Россиянинг аниқ хизматлар ходимлари иштирок этганлигини кўрсатади.
“Қийноқларнинг кенг жуғрофий кўлами ва кенг тарқалган шакллари қийноқлар жазосиз қолиш ҳисси билан кенг тарқалган ва қабул қилинган амалиёт сифатида амалга оширилганлигини кўрсатади”, дейди БМТ комиссияси.
Ҳисоботга кўра, БМТ экспертларининг хулосалари Россия вакиллари томонидан босиб олинган ҳудудларда уюштирилган қийноқларга оид илгари пайдо бўлган кўплаб далилларнинг яна бир тасдиғи бўлди. Буни нафақат гувоҳлар ва асирга олинган украиналиклар, балки Украина Қуролли кучларининг 2022 йил кузида Украина шарқидаги қарши ҳужуми пайтида озод қилинган аҳоли пунктларида жиҳозланган қийноқ хоналари каби топилмалар ҳам кўрсатди.
Шунингдек, Украинага кенг миқёсли босқинчилик пайтида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда аҳолининг руслашувига қаршилик кўрсатган тинч аҳоли қийноққа солингани келтирилган. Буларнинг барчаси уруш пайтида инсонпарварлик тўғрисидаги Женева конвенцияларига зиддир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия ҳарбийларини Украинанинг Херсон вилоятида маҳаллий аҳолини ноқонуний ҳибсга олиб, қийноққа солганликда айблаганди.