“Толибон” афғон мактабларида ўзбек тилини тақиқладими? ТИВ ахборот берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда “Толибон” ҳаракати гўёки Афғонистон ҳудудида мактаб дастуридан ўзбек тилини олиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Ўша хабарларда Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг ҳам тақиқлангани ҳақида хулоса қилинган. Ушбу норасмий хабарлар юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот берди.

Қайд этилишича, ТИВ вакилининг “Толибон” ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланган.

Хабарга кўра, “Толибон” вакили ўзбек тили пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаган. Толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади.

“Баъзи билимсиз “таҳлилчи” ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва “қайноқ факт”лар илинжида очиқдан-очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир”, дейилади ТИВ хабарида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

867

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг