“Толибон” Туркиянинг Қобул аэропорти бўйича баёнотини рад этди
Олам
−
27 Декабрь 2021
6178Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати Қобул аэропорти ва мамлакатнинг яна тўртта аэропортини доимий асосда ишлатиш бўйича Туркия ва Қатар вакиллари билан музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда толиблар томонидан тайинланган Афғонистон муваққат ҳукуматидаги Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлиги Матбуот котиби Имомуддин Аҳмадий маълум қилди ва шу орқали томонлар ўртасида келишувга эришилгани ҳақида аввал тарқалган маълумотни рад этди.
“Турк-қатар техник гуруҳи пайшанба куни Қобулга етиб келди ва Афғонистон Ислом Амирлигининг техник мутахассислари билан учрашувлар ўтказди. Ушбу маслаҳатлашувлар давом этади ва яқин келажакда мамлакатимизнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишувга эришилади”, деган ҳаракат вакили.
Жорий йилнинг 24 декабрь куни “Anadolu” агентлиги Туркия ва Қатар Афғонистондаги бешта аэропорт, жумладан Қобул аэропортини бошқариш бўйича “Толибон” расмийлари билан принципиал келишувга эришганини хабар қилди.
Афғонистон пойтахтидаги ҳаво йўлаги ва аэропорт терминаллари асосан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни эвакуация қилиш чоғида ҳукм сурган тартибсизлик, шунингдек 26 август куни рўй берган теракт туфайли жиддий шикастланган. Август ойи охиридан бошлаб Қатар ва Туркиядан келган техник ходимлар аэропортни ишга туширишга ёрдам берди. Шу билан бирга, ноябрь ойи охирида БАА “Толибон” билан, хусусан, Қатарнинг Афғонистондаги дипломатик таъсирини камайтириш мақсадида Қобул аэропортини бошқариш ҳуқуқини олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар тарқалди.
Афғонистонда ҳозирда 24 та аэропорт фаолият кўрсатмоқда. Қобул, Балх, Ҳирот, Қандаҳор ва Хост вилоятларидаги аэропортлар халқаро рейслар учун ҳам фойдаланилади, қолганлари фақат ички рейслар учун мўлжалланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь