“Толибон” Трампнинг таклифини кескин қоралади
Олам
−
05 Февраль
8167Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати АҚШ Президенти Дональд Трампнинг фаластинликларни мажбурий равишда бошқа мамлакатларга кўчириш ҳақидаги сўзларини қоралади ва буни “халқаро ҳуқуқни очиқчасига бузиш” деб атади. Бу ҳақда муваққат ҳукумат ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Афғонистон Ислом амирлиги АҚШ Президентининг фаластинликларни мажбуран чиқариб юбориш ва бошқа мамлакатларга кўчириш ҳақидаги сўнгги баёнотларини халқаро ҳуқуқнинг яққол бузилиши деб ҳисоблайди”, дейилади баёнотда.
Баёнотга кўра, Ғазо аҳолисидан бошқа ҳеч ким уларнинг тақдири ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас.
“Толибон” ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Трампнинг баёнотлари Исроил ҳукуматининг “ғаразли” ниятларини акс эттираётганини ва минтақадаги беқарорликни янада кучайтиришини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп АҚШ Ғазо сектори назоратини ва минтақадаги тиклаш ишларини ўз зиммасига олишини, шунингдек, уни бутун дунё учун “Яқин Шарқ ривейрасига” айлантиришини айтганди. Шунингдек, у ҳозирги Ғазо секторини “вайрона майдон” деб атаб, унинг аҳолисига бошқа давлатларга, масалан, Иордания ёки Мисрга доимий равишда кўчиб кетишни таклиф қилган. Бу таклифни Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластин маъмурияти ва Араб давлатлари лигаси вакиллари рад этиб, бундай ҳаракат минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши, низоларни кучайтириши ва тинчлик имкониятларини заифлаштиришини таъкидлаган. Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу таклифга жавобан исроилликларни Гренландияга жўнатишни таклиф қилган.