“Толибон” Тожикистонга ўтар кўприк устида ўз байроғини ўрнатди (видео)
Олам
−
08 Июль 2021
35396“Толибон” ҳаракати жангарилари афғон-тожик чегарасида байроқ осиб қўйди. Бу ҳақда РИА Новости Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти маъмуриятидаги манбасига таяниб ёзмоқда.
“5 июль куни Афғонистон ҳукумати қўшинларининг чегара постини эгаллаб олган “Толибон” бугун, 8 июль куни Афғонистонни Тожикистон билан боғлайдиган Панж дарёси устидан ўтган кўприкнинг ён томонига байроқ ўрнатди”, дейди нашр манбаси.
Хабарга кўра, 5 июлга ўтар кечаси афғон чегарачилари ўзларининг назорат пунктларини толибларга жангсиз топшириб, 312 нафар аскар ушбу кўприкдан қўшни Тожикистонга қочиб ўтган.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 11 сентябрига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини Вашингтоннинг “миссия муваффақиятсизлигини” тан олиши, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси