“Толибон” Ташқи ишлар вазири Россияга йўл олди
Олам
−
25 Сентябрь 2023
7833Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Россияга йўл олди. Бу ҳақда Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маълум қилди.
Унинг айтишича, Муттақий бугун, 25 сентябрь куни Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувларда иштирок этиш учун Россияга боради.
Дипломатнинг сўзларига кўра, айни пайтда АҚШ вакиллари йиғилишга таклиф қилинмаган, уларнинг кузатувчи сифатида қатнашиши ҳам режалаштирилмаган.
“АҚШ иштирокида Афғонистон бўйича кенгайтирилган "учлик" формати амалда ишламайди. У тўрттага алмаштирилди – Россия, Хитой, Покистон, Эрон. Ҳозирча шу формат ишлайди. Кейинчалик нима бўлишини кўрамиз", дея қўшимча қилган Кабулов.
Айтилишича, Россия Қозондаги учрашувда минтақа давлатлари Афғонистонда этносиёсий инклюзив ҳукумат яратиш, терроризм ва гиёҳвандлик каби таҳдидларга қарши курашни кучайтириш бўйича ўз позицияларини тасдиқлашини кутмоқда. ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса учрашув чоғида Афғонистондаги мавжуд вазият, афғон ичидаги ярашув, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатни можародан кейинги тикланиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилганини маълум қилган.
Захарова тадбир якунлари бўйича томонларнинг қўшма баёноти қабул қилиниши кутилаётганини билдирган.
Маълумот учун, Афғонистон бўйича Москва форматидаги учрашув 29 сентябрь куни Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
Афғонистон бўйича Москва форматига Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари иштирок этади. Шу форматдаги олдинги учрашув 2022 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган эди.
LiveБарчаси