“Толибон”нинг журналистларни ўлдирганини ёқлаган йигит университет ректори бўлди 

Олам

image
0:00
0:00
download

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган “Толибон” ҳаракати журналистика соҳасида бакалавр даражасига эга Муҳаммад Ашраф Ғайратни Қобул университети ректори вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. Бу ҳақда “Khaama Press” агентлиги хабар берди.  

Таъкидланишича, Ғайрат толиблар томонидан ишдан олинган фармакогнозия фанлари доктори, профессор Муҳаммад Усмон Бобурий ўрнига Афғонистоннинг энг йирик университетини бошқаради. Янги раҳбарнинг ёши аниқланмаган, аммо университет ўқитувчилари ва талабаларининг таъкидлашича, “у ҳали ёш ва мамлакатнинг асосий таълим муассасасини бошқариш учун муносиб тажрибага эга эмас”.

Университет сайтида жойлаштирилган маълумотларга кўра, Ғайрат 2008 йилда Қобул университетининг журналистика факультетини тамомлаган, сўнг Афғонистон Таълим вазирлигида ишлаган, у мамлакат жануби-ғарбидаги назорат органларидан бирига раҳбарлик қилган. 

Афғонистон зиёлилари Қобул университетининг келажагидан қўрқмоқда, чунки янги тайинланган ректор бир йил олдин Twitter’даги саҳифасида “Толибон”нинг журналистларни ўлдирганини оқлаб хабар ёзган. 

Таълим муассасаси сайтидаги баёнотда ректорни тайинлаш тўғрисидаги ушбу қарор вақтинчалик экани ва агар керак бўлса, уни қайта кўриб чиқиш мумкинлиги таъкидланган. 

Таъкидланишича, собиқ ректор Афғонистон Ислом Амирлиги Олий таълим вазирлигига илмий тадқиқотлар ўтказиш учун олти ойга Германияга бориш имкониятини тақдим этиш сўрови билан мурожаат қилганди. 

Маълумот ўрнида, профессор Бобурий 2020 йил май ойида у Қобул университети ректори этиб тайинланганди. У 1962 йилда Афғонистон шимоли-ғарбидаги Ҳирот вилоятида зиёли оилада туғилган. 1985 йилда Пятигорск фармацевтика институтини имтиёзли диплом билан тугатган. Ўша йили ватанига қайтгач, Қобул университетида ўқитувчилик фаолиятини бошлаган. 2007-2017 йилларда мамлакат Олий таълим вазирининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлган. 2019 йилда у Германиянинг Марбург шаҳридаги Филипп номидаги университетда фармакогнозия бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 

Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати университетларда талаба қизлар ва йигитларнинг биргаликда ўқишини тақиқлаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қобул Толибон университет ректор

Баҳолаганлар

411

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг