“Толибон”нинг мегалойиҳаси Ўзбекистонни сувсиз қолдириши мумкин – экспертлар
Таҳлил
−
27 Март 2023
27033Марказий Осиёда азалдан мураккаб бўлган трансчегаравий сувлар масаласи яна кескинлашди. Афғонистон Туркманистон билан чегарадош Балх вилоятида улкан Қўштепа каналини қуриш лойиҳасини фаол амалга оширмоқда. Бир йил аввал канал қурилиши бошланиши эълон қилинган эди. Жорий йилнинг март ойи бошида афғон расмийлари қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди, унинг кўлами қўшниларни нафақат ҳайратга солди, балки жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлди. Бу ҳақда Москва давлат университетининг Постсовет ҳудудидаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни ўрганиш маркази мутахассислари ёзди.
Янги каналнинг узунлиги 285 км, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр бўлиши керак. Канал Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидаги қисмидан бошланади. Канал учун сув худди шу дарёдан олинади. Каналнинг ўтказувчанлиги сониясига 650 куб метрни ташкил қилади.
Лойиҳа Миллий тараққиёт компанияси томонидан давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати тахминан 684 миллион долларни ташкил этади. Қурувчилар режасига кўра, канал Балх, Жаузжон ва Фарёб вилоятларида 3 миллион жериб (1 жериб – 2000 квадрат метр) ерни суғориш ва 250 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради. “Толибон”га кўра, лойиҳа қурғоқчил ҳудудларни сув билан таъминлашга ёрдам беради, бу эса қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга туртки бўлади. Ҳозирда канал қурилишига 6 мингдан ортиқ киши жалб этилган.
2022 йил ноябрь ойининг охирида қуриб битказилган участканинг узунлиги қарийб 40 километрни ташкил этган. Лойиҳани якунлаш 2028 йилга мўлжалланган.
Мутахассислар Қўштепа канали фойдаланишга топширилгач, ҳудуддаги сув ҳавзаси билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишидан хавотирда. Шусиз ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча республикаларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган эди. Канал қурилиши эса вазиятни янада кескинлаштиради.
Қайд этилишича, айниқса Ўзбекистон ва Туркманистон энг кўп зарар кўриши мумкин. Мамлакатлар минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотиши мумкин. Лекин Марказий Осиёда сувнинг асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлиб, унинг аҳолиси 36 миллион кишига етган ва ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, республикадаги сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади.
Қобул лойиҳалари бутун Марказий Осиё учун фалокатлими?
Қобул ҳукумати Қўштепа канали қурилиши билан чекланиб қолмоқчи эмас. Афғонистон Панж дарёсининг ёзги оқимининг катта қисмини тўплаши мумкин бўлган Дашт-и-Жун гидроэлектр мажмуасини қуришни ҳам режалаштирмоқда. Шу тариқа, “Толибон” шимолий трансчегаравий дарёлардаги сувнинг асосий қисмини тортиб олмоқчи.
Мутахассисларнинг фикрича, бу икки лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат Ўзбекистон ва Туркманистондаги иқтисодий ҳамда ижтимоий муаммоларга, балки бутун Марказий Осиёдаги экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин.
Гап шундаки, Амударё нафақат Орол денгизи, балки сув омборлари ва каналлар учун ҳам асосий манба ҳисобланади. Дарёнинг қуйилиш нуқтасига ва Орол қолдиқларига умуман етиб бормаслик хавфи бор. Ноёб табиатга эга қўриқланадиган ҳудудлар ҳам обиҳаётсиз қолиши мимкин.
Мутахассисларнинг фикрича, UNESCO’нинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига кирувчи Қуйи Амударё биринчи бўлиб зарар кўради. Бу қўриқланадиган ҳудуд Амударёнинг қуйи оқимининг шимолий қисмида, Орол денгизининг аввалги қирғоқларидан жануби-шарқда жойлашган.
2022 йил охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Толибон” раҳбарияти билан музокаралар ўтказишга ва бу муаммони ҳал қилишга жаҳон ҳамжамиятини жалб қилишга ваъда берган эди. Аммо вазиятнинг мураккаблиги шундаки, Марказий Осиё республикалари Афғонистон билан сув тақсимоти бўйича ҳеч қандай келишувга эга эмас. “Толибон” ҳам БМТнинг “Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги конвенциясини имзоламаган.
Марказий Осиё давлатларининг сув хўжалигини мувофиқлаштириш бўйича давлатлараро комиссияси ҳам елка қисиб қўймоқда: уларда ҳам вазиятни ҳал қилишнинг ҳуқуқий механизмлари йўқ. Расмий Қобул билан музокара олиб бориш ёки Афғонистонни комиссияга қабул қилиш ҳозирча мумкин эмас, чунки “Толибон” тан олинмаган ҳукумат.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ашхободда бўлиб ўтган йиғилишда комиссия иштирокчилари 2022-2023 йиллар учун минтақанинг бешта давлатининг ҳар бири иккита асосий дарё – Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидан сув олиш лимитларини тасдиқлаган. Келишувга кўра, Амударё ҳавзасидан сув олиш лимити 55,4 миллиард куб метр сувни ташкил этган. Улардан энг кўп сувни Ўзбекистон – 23,6 миллиард куб метр, Туркманистон эса 22 миллиард кубометр сувга эга бўлган. Комиссиянинг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг апрель ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади.
Жорий йилнинг 22 март куни “Толибон” муваққат ҳукумати “Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида” Қўштепа канали қурилиши лойиҳасини амалга оширишга тайёр экани маълум бўлди. Бу ҳақда Афғонистон Муваққат ҳукумати Бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Қобулда Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов билан учрашувда маълум қилган.
Қобул вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистон бошқа инфратузилма лойиҳалари қатори Қўштепа канали қурилиши самарадорлигини ошириш мақсадида Афғонистоннинг техник гуруҳлари билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирган.
Бундан ташқари, Абдул Ғани Бародар Афғонистон халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда Афғонистоннинг имтиёз ва ҳуқуқларини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда Амударёдан сув олиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаган. Бош вазир ўринбосарининг фикрича, канал қурилиши икки давлат ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Лойиҳа тугалланса, танқис ресурснинг бир қисмини йўқотиши мумкин бўлган Тошкент тўғридан-тўғри баёнот беришдан ўзини тийди ва қишлоқ хўжалиги саноати учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни камайтириш режасини ишлаб чиқаётган кўринади”, дейилади мутахассислар баёнотида.
LiveБарчаси