“Толибон”ни Тожикистондан бошқа ҳамма мақтади

Олам

image

Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар иштирокчилари ҳозирги афғон ҳукуматининг наркотик жинояти ва терроризмга қарши курашдаги салмоқли саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Тожикистон эса муваққат “Толибон” ҳукуматининг бу соҳалардаги муваффақиятларини эътироф этмади. Бу ҳақда брифингда Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маълум қилди. 

“Аксарият иштирокчилар “Толибон”нинг Афғонистондаги ИШИДга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишладилар ва биз афғон ҳукуматини бу саъй-ҳаракатларни давом эттиришга ундадик, чунки бу барча қўшниларнинг хавфсизлик манфаатларига мос келади. Биз афғон ҳукуматини афғон наркотик саноатига қарши олиб бораётган кураши учун олқишладик. Бизнинг тожик ҳамкорларимиз – Тожикистон раҳбариятининг муносабати шундай – улар Афғонистонни жуда танқид қилади ва ҳозирги ҳокимиятни мақташга сабаб йўқ, деб ҳисоблайди”, дейди дипломат. 

Кабуловнинг билдиришича, Москва форматидаги ўнта делегациядан тўққизтаси бунга рози эмас. 

“Аммо биз ҳамкоримизнинг миллий позициясини ҳурмат қиламиз ва уларни Қозон декларациясини қабул қилганлар рўйхатига киритмаслик ҳақидаги таклифига рози бўлдик”, дея қўшимча қилди у.

Москва формати 2017 йилда Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой ва Покистон махсус вакиллари ўртасида олти томонлама маслаҳатлашув механизми асосида яратилган. Унинг биринчи йиғилиши 2017 йилнинг 14 апрелида 11 давлат, жумладан, Афғонистон томони вазир ўринбосарлари ва махсус вакиллари иштирокида бўлиб ўтган эди. Форматдан кўзланган асосий мақсад Афғонистондаги миллий ярашув жараёнига кўмаклашиш ва бу мамлакатда тезроқ тинчлик ўрнатишдан иборат. 29 сентябрь куни Қозон шаҳрида Москва формати иштирокчиларининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди, унинг якунида қўшма декларация қабул қилинди. 

Афғонистон бўйича Москва форматидаги учрашув жорий йилнинг 29 сентябрь куни Қозон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда қатнашган давлатлар “Толибон” режимини афғонистонликларнинг турмуш даражасини ошириш чораларини кўришга чақирди.

Йиғилишда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Туркманистон ва Ўзбекистондан махсус вакиллар ва юқори мартабали амалдорлар, шунингдек, “Толибон” ташқи ишлар вазири қатнашди. Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Туркия вакиллари фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Москва формати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг