“Толибон”ни қайси давлат қўлламоқда? Афғонистон ҳукумати кимдан норози?
Олам
−
22 Июль 2021
40580Покистон “Толибон”ни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда ва ҳозиргача Афғонистонда тинчликни сақлаш учун бирон бир қадам ташламади. Бу ҳақда Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб “Халқаро шарҳ” кўрсатуви учун берган интервьюсида айтиб ўтди.
Журналистнинг “Толибон” аввалдан Покистон разведкаси ва армияси билан чамбарчас боғлиқ эди. Афғонистондаги бугунги вазиятда расмий Исломободнинг ўрни қандай, Қобул Покистонни толибларга қарши курашда шерик, деб биладими ёки аксинча, деган саволига Афғонистон Президенти маслаҳатчиси қуйидагича жавоб берган:
“Афсуски, шерик эмас. Покистон тинчлик ҳамда барқарорликни ўрнатишда жуда ижобий роль ўйнаши, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муносабатларнинг бўғинига айланиши мумкин. Покистонликлар айнан шундай қилишаётганини айтмоқда, аммо амалда биз бошқасини кўряпмиз. Улар толибларни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда ва ҳозиргача тинчликни сақлаш учун Покистон томонидан ташланган бирон бир қадамни кўрмадик. Покистон афғон халқи устидан толиблар ҳукмронлигини ўрнатишга уринишдан кўра, ҳақиқатни англаб етиб, тинчлик жараёнига ҳисса қўшади, деб умид қиламиз”.
Қайд этиш керакки, Ашраф Ғанининг сайловолди дастурлари орасида қўшни Покистон билан муносабатларни яхшилаш масаласи бор эди. Шундай қилиб, 2014 йилда Ашраф Ғани Афғонистон Президентига айлангач, Покистонга келди. Ташрифи чоғида Президент Ғани икки давлат муносабатларида янги давр бошланиши ҳамда ўзаро алоқалар “ҳақиқий ва ҳалол дўстлик” ришталари асосига қурилиши кераклигини айтди. Бироқ орадан вақт ўтди, лекин буларнинг ҳеч бири амалга ошмади. Аксинча, бугунги кунда икки томон бир-бирини қўшни мамлакат ҳудудида бузғунчи элементларни қўллашда мунтазам айблаб келади.
Ўз навбатида, Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчи QALAMPIR.UZ га берган интервьюсида “Толибон”ни қўллаб-қувватлайдиганлар топилиши мумкинми, ёки ҳозир борми, деган саволга қуйидагича жавоб берганди:
“Ҳозир уларни қўллаб-қувватловчи бирор бир ташкилот ёки давлат йўқ. Эрон билан оралари бузилган, “Толибон”нинг Эрон билан ҳамкорлиги йўқ. Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаши мумкинми? Менимча йўқ, чунки Саудия Арабистонининг АҚШ билан ҳамкорлиги бор. Америкаликлардан бошлаб бутун Ғарб мамлакатлари ўз ҳарбий кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетадилар, аммо шуни ҳам унутмаслик керак, “Толибон” бу мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. “Толибон” вакили Россияда берган интервьюсида, “дунё ҳамжамияти олдида ўзларини таҳдид ёки хавф сифатида баҳоламасликларини, Афғонистонда исломий бир давлат қуришни, Афғонистоннинг хорижий ҳарбий ва сиёсий кучлардан озод қилинишини исташларини” билдирди”.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь