“Толибон” кўмирни Покистон ўрнига Ўзбекистонга экспорт қилмоқчи

Олам

image

Афғонистон кўмири энди Покистонга эмас, Ўзбекистонга экспорт қилинади. Бу ҳақда “Толибон” матбуот котиби Ҳожи Заид хабар берди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон билан муҳим савдо келишувларига эришилган ва эндиликда Афғонистон кўмири Ўзбекистонга экспорт қилинади. Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ўзининг сифатли цементи ва дори-дармонларини Афғонистонга экспорт қилади.

Покистон билан чегара ўтказиш пунктларининг ёпилиши ва савдо тўхтаб қолгани сабаб, “Толибон” қўшни мамлакатлар, хусусан, Эрон ва Ўзбекистон билан савдо алоқаларини кенгайтирмоқда.

“Толибон” бундан аввал Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Ўзбекистон орқали ҳаво йўли билан Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига чиқарилишини маълум қилган эди.

Қолаверса, “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари иқтисодий масалалар бўйича тадбиркорларга савдо ва транзит учун муқобил йўллар излашни маслаҳат берган.

“Толибон” молия вазирлиги баёнотида айтилишича, Покистон билан савдо муносабатлари тўхташи “ҳеч қандай салбий таъсир” кўрсатмаган ва божхона тушумлари ҳам камаймаган. Вазирликнинг таъкидлашича, муқобил савдо йўлларини мустаҳкамлашда тадбиркорларга тўлиқ ёрдам берилади.

ОАВ тарқатган маълумотларда эса, бу важлар рад этилган. “Dawn” газетасининг ёзишича, чегаранинг ёпилиши Афғонистон ва Покистон савдосига 4,5 миллиард доллар зарар етказган.

Иқтисодчи Реза Фарзомнинг айтишича, “Толибон”нинг “Покистон билан савдо тўхташи ҳеч қандай таъсир кўрсатмади” деган даъвоси ҳақиқатдан йироқ. Унинг фикрича, Афғонистон савдо йўллари учун тезкор тарзда ўрнини боса оладиган муқобил маршрутларга эга эмас.

Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат вакиллари октябрь ойининг бошида ўз Қуролли кучлари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг можаронинг такрорланишини олдини олиш мақсадида Истанбулда учрашган эди. Бу “Толибон” 2021 йилда Қобулни эгаллаганидан бери юз берган энг жиддий чегара тўқнашувлардан бири.

Покистон Мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Осиф ўт очишни тўхтатиш тартиби ўзгармаганини ва Қобул тинчликдан манфаатдор кўринишида эканини айтган. Бироқ агар “Толибон” билан музокаралар муваффақиятсизликка учраса, очиқчасига урушга киришамиз, деган эди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Покистон Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг