“Толибон” Қобулдаги намойишларни ёритган уч журналистни ҳибсга олди
Олам
−
23 Декабрь 2022
4145Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган “Толибон” радикал ҳаракати тарафдорлари Қобулдаги аёллар намойишларини ёритган уч журналистни ҳибсга олди. Бу ҳақда кеча, 22 декабрь куни маҳаллий манбаларга таяниб, “Aamaj News” агентлиги хабар берди.
Уларга кўра, мухбирлардан ташқари толиблар Афғонистондаги олий ўқув юртларида талаба қизларнинг ўқишини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги қарорига норозилик билдирган беш аёлни ҳам ҳибсга олган. Ҳибсга олинганлар норозиликни куч билан бостиришга уринаётган радикаллар томонидан жисмоний зўравонликка учраган.
“TOLO News” телеканалига кўра, ўнлаб талаба қизлар Қобул кўчаларига чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди.
"Толибон"га кўра, бундай қарорга “[университет] ётоқхоналарида аёлларнинг бўлиши ва уларнинг вилоятлардан [ўқиш учун] эркаклар ҳамроҳлигисиз келиши, талаба қизларнинг ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаслиги, эркак ва аёлнинг биргаликда ўқиши, баъзи факультетларда қизларнинг ўқитилиши ислом қонунларига зид ва афғонларнинг ғурурига путур етказиши сабаб бўлган.
LiveБарчаси