“Толибон” қизлар учун мактабларни ривожлантириш лойиҳаси асосчисини ҳибсга олди

Олам

image

Афғонистондаги қизлар учун мактабларни ривожлантиришга қаратилган “Pen Path” лойиҳаси асосчиси Матиуллоҳ Веса Қобулда “Толибон” томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда кеча, 28 март куни БМТнинг Афғонистондаги миссияси Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, Веса 27 март куни ҳибсга олинган. БМТ миссияси “Толибон”дан фаолнинг қаердалигини, ҳибсга олинишининг сабабларини маълум қилишни сўраган. Шунингдек, миссия Весанинг адвокатлар билан учрашишини ва оиласи билан боғланишини таъминлашни ҳам талаб қилган.

Весанинг акаси Самиуллоҳ ҳам укасининг ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, жангарилар Матиуллоҳни 27 март куни кечқурун намоздан кейин масжид ёнида қўлга олган. 

“Матиуллоҳ намозини тугатиб, масжиддан чиқиб кетганда икки машинада бир неча киши уни тўхтатди. Матиуллоҳ уларнинг гувоҳномасини талаб қилганда, улар уни калтаклаб, куч билан олиб кетишди”, дейди Самиуллоҳ Веса.

Таъкидлаш жоизки, Матиуллоҳ асос солган “Pen Path” ташкилоти афғон қизлари учун мактабларни ривожлантириш бўйича кампания олиб борар ва қишлоқларда китоб тарқатарди. “Толибон” 12 ёшдан ошган қизларга маетабда ўқишини тақиқлаганидан сўнг, Веса маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳасини тарғиб қилиш учун чекка ҳудудларга боришни давом эттирган.

“Қизлар мактаблари очилишигача соат, дақиқа ва сонияларни санаб юрамиз. 12 ёшдан ошган қизлар учун мактабларнинг ёпилишидан етказилган зарарни қайтариб ҳам, инкор этиб ҳам бўлмайди”, деб ёзган у ўтган ҳафта Афғонистонда янги ўқув йили бошланганда.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳокимиятга келганидан бери доимий равишда аёллар ҳуқуқларини чеклаб келади. “Толибон” етакчилари маълум шартлар бажарилса, қизлар учун мактаб очишларини қайта-қайта таъкидлаган. Хусусан, улар ўқув режаси қайта кўриб чиқилгандан сўнг Афғонистонда қизлар учун ўрта мактаб ва университетлар очилиши, бу иш аллақачон махсус қўмита томонидан бошлаб юборилганини айтган. Бироқ “Толибон” ўқув дастурини ислом тамойиллари асосида қайта ишлаб чиқиш учун маблағ ва вақт етишмаслигини ҳам таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон БМТ қизлар мактаби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг