“Толибон” қизлар учун мактабларни очиш фикридан қайтди 

Олам

image

Афғонистондаги мактаблар бошланғич синф ўқувчиларидан ташқари барча қизлар учун ёпиқлигича қолмоқда. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматдаги Таълим вазирлиги маълум қилди. 

Ўтган йили август ойида “Толибон” мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг афғон мактаблари ўқитишни тўхтатган эди. Сентябрь ойининг ўрталарида фақат ўғил болалар учун ўқув жараёни қайта тикланди. 

Жорий йилнинг январь ойида “Толибон” Матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид ҳаракат янги ўқув йилидан бошлаб, яъни 21 мартдан кейин Афғонистондаги барча мактабларда қизларга ўқишга рухсат беришни режалаштираётганини эълон қилди. 

Ўқувчи қизлар 23 мартдан ўқишни бошлаши кутилганди. Бироқ, кеча, 23 март куни “Толибон” Таълим вазирлиги мактаблар қизлар учун ёпиқлигича қолаётганини айтди. Дарсларга фақат 6-синфгача бўлган ўқувчилар қатнашиши мумкин. 

“Агар Ислом қонунлари асосида кенг қамровли режа тузилса ҳамда афғон урф-одатлари ва раҳбарият буйруқлари чиқса, ўрта ва катта мактаблар ўз эшикларини [қизлар учун] очиши ҳақида расман хабар берилади”, дейилади Таълим вазирлиги баёнотида. 

Қайд этиш жоизки, “Толибон” барча давлат университетларини талаба қизлар таълими учун очиш ҳақидаги ваъдасини бажарган. Жорий йилнинг 26 февралидан бошлаб Афғонистоннинг барча университетларида “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олиши сабабли тўхтатилган ўқув жараёни йигит ва қиз талабалар учун қайта тикланган. Бунда таълим алоҳида олиб борилади: ўғил болалар қизлардан алоҳида ўқийди. Бундан ташқари, қизларга фақат аёллар, ўғил болаларга эса фақат эркаклар дарс ўтиши мумкин. “Толибон” томонидан ағдарилган аввалги ҳукумат даврида ўқитиш аралаш бўлган ва ўқитувчининг жинси муҳим бўлмаган. 

Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 6 сентябрь куни “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг