“Толибон” қайтариб юборган Ўзбекистон нефти сифатсизмиди?
Жамият
−
07 Август 2023
18972Аввалроқ “Толибон”нинг Миллий стандартлар агентлиги 67 та цистернадаги Ўзбекистон нефтини сифатсизлиги сабаб қайтариб юборганини эълон қилган эди. “Ўзбекнефтгаз” эса “Толибон”нинг даъволарини рад этиб, Ўзбекистондан жўнатилган нефть сифатли эканини билдирди. Бу ҳақда компаниянинг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йил 17 май куни “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва Туркия компанияси ўртасида синтетик дизель компонентини экспортга сотиш бўйича оффтейк шартномаси имзоланган. 24-26 июнь кунлари харидор талабномасига асосан, “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан жами 3,4 минг тонна (67 та вагон) маҳсулот Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Кенгсой” станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширилган.
Билдирилишича, “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводининг дизель ёнилғиси учун синтетик компонент EN 15940 Европа стандартига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистонда “OʼzDSt 3134-2017" давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Ҳозирча Афғонистонда бу стандарт жорий қилинмаган.
Маҳсулотни экспорт қилиш жараёнида синтетик дизель ва унинг компоненти Афғонистоннинг ANSA (Афғонистон стандарт агентлиги) ташкилотида рўйхатдан ўтмаганлиги ҳақида харидорга (Туркия компанияси) ҳам маълум қилинган. Харидор томонидан маҳсулот компонент сифатида анъанавий дизель билан компаундлаштирилган ҳолда Афғонистон бозорига олиб кирилиши режалаштирилгани билдирилган.
“Ўзбекнефтгаз” баёнотига кўра, харидорга топширилган 3,4 минг тонна (67 вагон) сифатли маҳсулот учун тўлов 100 фоиз амалга оширилган. Афғонистон ҳукумати маҳсулотни “Uzbekistan GTL” МЧЖга сифатсиз бўлгани учун қайтармаган.
Айтилишича, шартнома шартларига асосан харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб, қандай усулда сотишини ўзи белгилайди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ўзи ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар доимий ва тизимли равишда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлаштириб борилишини эслатган.
LiveБарчаси