“Толибон” давлат муассасаларини ўз байроғидан фойдаланишга мажбурлаётгани айтилди
Олам
−
20 Март 2022
9780Афғонистонда ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳаракати мамлакат давлат тузилмаларини аввалги ҳокимият даврида Афғонистоннинг расмий байроғи ҳисобланган уч рангли байроқ ўрнига ҳаракатнинг оқ байроғидан фойдаланишга мажбур қилди. Бу ҳақда Ахборот ва маданият вазирининг муваққат толиблар маҳкамасидаги ўринбосари Аҳмадулла Восиқ маълум қилди.
Восиқ “Толибон” раҳбариятининг байроқни алмаштириш ҳақидаги хати “давлат муассасалари учун расмий [буйруқ] эканини” тасдиқлаган.
Таъкидланишича, “Толибон” ҳужжатида “барча давлат ташкилотларида Афғонистоннинг собиқ давлат байроғини “Афғонистон Ислом Амирлиги” байроғига алмаштириш зарурати” қайд этилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 6 сентябрь куни “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
LiveБарчаси