“Толибон” “Ал-Қоида” билан бирлашгани айтилди

Олам 17134
image

“Aл-Қоида” Aфғонистон қаршилик фронти (Бўйсунмас Панжшер)га қарши курашиш учун “Толибон” сафига қўшилди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.

“AҚШ орқага чекинди, тарих такрорланмоқда”, дейилади Панжшернинг Тwitter саҳифасида.

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг август ойи охирида “Толибон” сиёсий идораси матбуот котиби Муҳаммад Наим Саудия телевидениесига берган интервюсида Aфғонистонга “Aл-Қоида” террорчиларини киритмасликка ваъда берганди.

“Al-Jazeera” телеканалига кўра, “Толибон” ўз сиёсатини ёқламайдиганларга қарши ҳарбий операцияни бошлашга қарор қилган. Сўнгги хабарларга кўра, толиблар Дарбанд-Гарани, Гулбаҳор ва Шатал туманларида 11 та душман ўт отиш чизиғини ҳамда бўйсунмас Панжшер қаршилик кучларининг 34 та жангчисини йўқ қилишга муваффақ бўлган.

“Aл-Қоида”нинг “Толибон” билан алоқаси

2001 йилда АҚШда амалга оширилган қатор террорчилик ҳаракати айнан “Aл-Қоида”нинг иши эди. Ўша пайтда Афғонистонни бошқараётгани “Толибон” Усама бен Лоденга (“Aл-Қоида”нинг раҳбари — таҳр.) сиёсий бошпана бериб, уни АҚШ қўлига топширишдан бош тортган. Айнан ушбу ҳолат АҚШ тарихида энг узоқ давом этган урушнинг бошланишига олиб келган. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг хавотири ҳам “Толибон” ҳамон террорчилик ташкилоти билан биргами, деган савол асосига қурилган.

Афғонистондаги вазият

АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 622
Рейтинг: 2.9
t
×