“Толибон” АҚШга ишлаган афғонистонлик таржимонни қатл қилди

Олам

image_2021-07-24_13-11-38

“Толибон” ҳаракати жангчилари АҚШ учун ишлаган Афғонистонлик таржимон Соҳаил Пардиснинг бошини танасидан жудо қилишди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, таржимон Қобул шаҳри яқинидаги назорат пунктларидан бирида ҳужумга учраган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, “Толибон” автомобилни тўхтатмоқчи бўлган, аммо Пардис қочишга ҳаракат қилган. Кейин жангарилар таржимоннинг автомобилига қарата ўт очиб, уни тўхтатган. Улар таржимонни автомобилдан чиқариб олгач, бошини танасидан жудо қилган.

Хабарга кўра, ҳодисадан сал олдин Пардис дўстларига унинг ҳаёти хавф остида ва қўрқаётганини айтган. Толиблар унинг америкаликлар билан 16 ой давомида ишлаганини билиб қолган. 

Sohail Pardis, an Afghan translator who worked for the US Army, was killed by the Taliban in May.Фото: Соҳаил Пардис

“Толиблар унга айғоқчи ва хоин эканини ҳамда ўзига қўшиб унинг бутун оиласини ўлдиришларини айтишди”, дейди марҳумнинг дўсти.

Рус ОАВга кўра, шу билан бирга, “Толибон” июль ойи бошида Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳаракат вакиллари америкаликлар билан ишлаган таржимонларни таъқиб қилмасликка ваъда берган.

Қайд этиш керакки, АҚШ ҳукумати Пардис каби Америкага ёрдам берган афғонистонликлар ҳаётидан хавотир олмоқда. Дастлаб, Ғарб ОАВ расмий Вашингтон АҚШга ёрдам берган афғонистонликлар учун Марказий Осиё давлатларидан вақтинчалик бошпана сўраб, мурожаат қилгани ҳақида ёзган эди. Ушбу давлатлардан садо чиқмади шекилли, сўнгги хабарларга кўра, АҚШ ўзига ёрдам берган афғонистонликлар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинчалик Кувайт ва Қатардаги ҳарбий базаларига жойлаштирадиган бўлди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг