“Толибон” Афғонистонни ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқди

Олам

image
Тарихда илк бор Қобул кўчаларида чиқинди контейнерлари ўрнатилмоқда north_east

Тарихда илк бор Қобул кўчаларида чиқинди контейнерлари ўрнатилмоқда

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати мамлакатни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегияни маъқуллади, бу эса бошқарув, хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларида келгуси йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасидир. Бу ҳақда Қобулдаги матбуот анжуманида ҳукумат расмийси Забиулла Мужоҳид маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат томонидан тасдиқланган ҳужжат барча давлат институтларини “Толибон” назорати остида бирлаштиришга қаратилган бўлиб, стратегиянинг ўзи мамлакат ички ресурслари ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Стратегия 3 та асосий йўналиш бўйича тузилган:

  • бошқарув ва халқаро алоқалар;
  • хавфсизлик ва жамоат тартиби;
  • иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш.

Келгуси беш йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва энергетика, транспорт ва коммуникациялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби 10 та асосий тармоқ белгиланган.

Ҳужжатда 15 та устувор дастур ҳам мавжуд. Хусусан, ислом қонунларига риоя қилишни таъминлаш, давлат секторини ислоҳ қилиш, шаффофлик ва масъулиятни таъминлаш, жамоат тартибини ва чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти институтларини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, таълим тизимини кенгайтириш, телекоммуникация ва ахборот технологияларини ривожлантириш кабилар шулар жумласидандир.

“Стратегиядан мақсад бутун Афғонистоннинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш ва “Толибон” вазирликлари ва идоралари фаолиятини янада мувофиқлаштириш”, деган Мужоҳид.

Оммавий ахборот воситалари Мужоҳид стратегияда қизларнинг мактабга боришига рухсат бериш ниятининг йўқлиги ҳақида изоҳ бермаганини ва бу мавзуни “иккинчи даражали масала” деб атаганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, у беш йиллик ҳаракатлар режаси кенгроқ миллий масалаларга қаратилганини айтган.

Мужоҳид, шунингдек, “Толибон” конституцияни ишлаб чиқишни давлат бошқарувининг муҳим элементи деб биладими, деган саволга аниқ жавоб беришдан бош тортди.

Афғонистонни ривожлантириш стратегиясига бағишланган тадбирда муваққат ҳукумат бош вазири ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Охунд сўзга чиқиб, мазкур ҳужжат ислом тамойиллари, илмий андозалар ва мамлакатда шаклланган шарт-шароитлар асосида ишлаб чиқилганини таъкидлади.

У барча мансабдор шахсларни дастурларни ишлаб чиқиш, устуворликларни белгилаш, харажатларни баҳолаш ва стратегиянинг амалга оширилишини назорат қилиш умумий масъулият эканини тан олишга чақирди, бу эса турли идоралар ўртасида доимий яқин ҳамкорликни талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати АҚШ ва бошқа мамлакатларни амалдаги ҳукуматни тан олишга ва Вашингтондаги Афғонистон элчихонасини гуруҳга топширишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон толиблар стратегияси Забиулла Мужоҳид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг