Тарихда илк бор Қобул кўчаларида чиқинди контейнерлари ўрнатилмоқда

Олам

image

Афғонистон пойтахти Қобул кўчалари ва тротуарларида тарихда илк бор минглаб чиқинди контейнерлари ўрнатилмоқда. Бу ҳақда бугун, 2 август куни “Alemarah” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Қобул шаҳар ҳокимияти шаҳарда тозаликка риоя қилиш ва ташқи кўринишни яхшилаш мақсадида маиший чиқиндиларни йиғиш учун махсус контейнерлар ўрнатишни бошлаган. Ишлар 4-маъмурий туман ҳудудидан бошланган. Умумий қиймати 34,6 миллион афғоний (тахминан 504 минг АҚШ доллари) бўлган лойиҳа пойтахт бўйлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини яхшилашни мақсад қилган.

Афғонистонда аввалги сиёсий тузумлар даврида ҳам миллионлаб қобулликлар чиқиндиларни маҳаллий, тартибсиз ҳосил бўлган ахлатхоналарга ёки Қобул дарёсига ташлаб келган. Бу эса шаҳарда канализация ва нормал ичимлик суви тизими мавжуд бўлмаган шароитда турли юқумли касалликлар эпидемиясига ва дарёдаги сувнинг ифлосланишига сабаб бўлган.

Шаҳар ҳокимиятининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Неъматуллоҳ Баракзойнинг айтишича, лойиҳа доирасида 50 литрлик 5038 дона контейнер (қоғоз, пластмасса, ичимлик идиши ва бошқа қаттиқ чиқиндилар учун) ва 7 куб метр ҳажмдаги 50 та катта контейнер ўрнатилиши режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача еттита туман бўйича икки мингта контейнер ўрнатиладиган жойлар аниқланган.

“Умуман, бутун дастур олти ой ичида якунланиши кутилмоқда”, дейди у.

Қобул шаҳар ҳокимиятининг санитария бўлими раҳбари Саадулло Усмоний эса чиқинди контейнерларини илк марта кўраётган қобулликларни улардан тўғри фойдаланишга, кўчаларда, йўлакларда ва жамоат жойларида ахлат ташламасликка чақирган. Шунингдек, у чиқиндиларни йиғиш ва ташишда ҳокимият билан ҳамкорлик қилишни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Қобул чиқинди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг