“Толибон” Афғонистонда порахўрлик ва коррупцияни йўқ қилди – ҳисобот

Олам 8189
image

Ўтган йилнинг август ойида Афғонистонда қайтадан ҳокимиятга келган “Толибон” ҳаракати ўтган даврда мамлакатда коррупция ва порахўрликни қарийб йўқ қилган. Бу ҳақда Дэвид Мэнсфилд ва AlcisGeo’нинг XCEPT Research учун тайёрлаган ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда айтилишича, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Республика ҳукумати даврида йўлларда ўрнатилган ва автомобиллардан пора олиш билан шуғулланган пунктлар йўқ қилинган. Уларнинг сони чегарадаги назорат нуқталарини инобатга олмаганда 92 тани ташкил қилган.

“Толибон” даврига келиб, фақатгина чегарада бож ундириш бошланган, йўллардаги назорат нуқталари сони 13 тага қисқартирилиб, уларда пора олиш тўхтатилган.

Ҳисоботга илова қилинган харитада авваллари йўлларда автомобиллар тўхтатилиб, пора олинган нуқталар кўрсатилган. Бошқа бир харитада эса ҳозирги вазият акс этган. Унга кўра, автомобиллар фақатгина баъзи нуқталарда тўхтатилади ва расмий тўловлар ундирилади.

Ўрганиш натижасига кўра, контрабанда йўллари ёпилиб, расмий каналлар орқали савдо қилиш тиклангани айтилади.

Ҳисоботда экспорт ва импорт учун солиқлар камайтирилгани кўрсатилган. Аввалги маъмурият импорт учун расмий солиқлардан 1 млрд 500 млн доллар ва йўллардаги блокпостлар орқали 631 млн доллар даромад кўрган. Толиблар даврига келиб расмий солиқлар 973 млн долларни ташкил қилган ҳолда йўлларда ноқонуний пул ундириш тўхтатилгани айтилмоқда.

“Толибон” эълон қилган Ислом Амирлиги даврига келиб Марказий Осиё давлатлари ва Эрон билан савдо бироз пасайган, Покистон билан эса ўсиш кузатилган. Божхонада ундирилган йиллик фойда:

•    Покистон билан савдодан фойда 420 млн доллардан 430 млн долларга етган;

•    Эрон билан савдо 520 млн доллардан 330 млн долларга тушиб кетган;

•    Ўзбекистон билан савдодан тушадиган фойда 390 млн доллардан 250 млн долларгача қисқарган;

•    Туркманистон билан савдо 310 млн доллардан 60 млн долларгача тушган.

Ҳисоботда Афғонистонда коррупцияга қарши кураш сабаб маъмурий лавозимларни эгаллаш иқтисодий томондан манфаатсиз бўлиб қолгани таъкидланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 3
t
×