“Толибон” ҳокимиятга келгандан бери Афғонистонда БМТнинг 40 га яқин ходими ҳалок бўлди

Олам

image

Афғонистонда 2021 йил август ойида “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг камида 38 нафар ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Даниэль Эндрес маълум қилди.

Унинг айтишича, БМТ ходимлари афғон болаларини полиомиелитга қарши эмлаш ва миналардан тозалаш билан шуғулланган.

“Биз уларнинг жасоратини, инсониятга хизмат қилишдаги садоқатини эслаймиз”, дейди Даниэль Эндрес.

Ҳарбий таҳлилчи Асадулла Надим эса ҳозирда ҳокимият тепасида турган “Толибон” муваққат ҳукумати Афғонистон халқига ёрдам тарқатиш билан шуғулланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонуний мажбуриятга эга эканини айтган.

Қайд этиш жоизки, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами учун маблағ ажратилмай қўйганига қарамай, ўтган йили БМТ ходимлари Афғонистоннинг 401 туманидаги 26 миллиондан ортиқ аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатган.

Айни пайтда “Толибон” вакили Афғонистондаги  БМТ ходимлари ўлдирилаётгани ҳақидаги айбловларни рад этган.

“Ғарб институтлари Афғонистонни хавфли минтақа сифатида кўрсатишда ўз тарғиботларини бошлаган ва давом эттирмоқда. Бу ҳақиқат эмас; афғонлар гувоҳ бўлмоқда, биз ҳам ёрдам ходимлари жабр кўрмаганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, дейди Забиуллоҳ Мужоҳид.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси 2021 йил 15 августдан 2023 йил 30 майга қадар террорчилик ҳужумлари ва қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодисалар оқибатида мамлакатнинг 639 нафар фуқароси ҳалок бўлгани, 2679 нафари жароҳатлангани ҳақида хабар берган. Ўтган йили Афғонистонда ўқ-дорилар ва миналар портлаши оқибатида 700 дан ортиқ бола ҳалок бўлган ёки яраланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг