Токиодаги натижа мен учун катта дарс бўлди – Миразизбек Мирзаҳалилов

Спорт

image

Бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов жорий йилги дунё биринчилиги олдидан Олимпия ўйинларидаги ҳакамларнинг қарори, ЖЧдаги рақиблари, Куба терма жамоаси ва олдиндаги режалари ҳақида фикр билдирди.

“Олимпия ўйинларидан кейин хатоларим ҳақида ўйладим ва ортга қайтган кунимизданоқ машғулотларни бошладим. Муваффаққиятсиз натижа мен учун катта дарс бўлди ва ўз олдимга Париж Олимпиадасида чемпион бўлиш учун мақсад қўйдим. Бу сафарги мусобақа аввалгилари каби ўтмади, чунки малакали реферилар иштирок этмади. Жаҳон чемпионатида эса ҳакамлар махсус тест топширади ва ундан ўта олсагина жангларда ишлашга рухсат берилади. 2019 йил Президентимиз билан кўришганимизда ваъда бергандик. Ўғил бола учун айтилган сўзнинг уддасидан чиқмаслик нотўғри. Спортга кириб келишдан олдин ҳар бир атлет Олимпиада чемпионлигини қўлга киритишни мақсад қилади”, дейди Мирзаҳалилов.

Шунингдек, 26 ёшли боксчи Куба терма жамоаси ва ЖЧдаги рақибларига қарши жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлади:

“Кубалик боксчилар спарринг жангларида, табиийки, бор потенциалини кўрсатгани йўқ. Лекин уларнинг тажрибасини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. 2019 йилги Жаҳон чемпионати финалида Лазаро Альварес (3 карра Жаҳон чемпиони) билан жанг қилиб, ғалаба қозонган эдим. Ҳозир у вазнини ўзгартирган. Олимпиада ўйинларида 1-босқичдаёқ чиқиб кетган бўлсамда, ўзимга бўлган ишончим юқори ва икки карра Жаҳон чемпиони бўлиш учун бор кучимни ишга соламан. Ҳар битта рақибни ўрганяпмиз, уларга муносиб қаршилик кўрсата оладиган даражада машғулотлар олиб боряпмиз. Тайёргарлик аъло даражада, халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз”. 

Эслатиб ўтамиз, Куба бокс федерацияси (КБФ) президенти Альберто Пуиг дунё биринчилигида Ўзбекистон ва Куба боксчиларининг имконияти ва океанорти мамлакати бокс мактабининг стратегияси ҳақида фикр билдирган эди.

Маълумот учун, бокс бўйича Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 октябридан 6 ноябрига қадар Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

AIBA Жаҳон чемпионати Бокс Миразизбек Мирзаҳалилов

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг