Токио-2021: Бразилия ва Нидерландияда “голлар шоуси”, Марта Олимпиада рекордини ўрнатди

Спорт

image

Токио Олимпиадасида футбол бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларга старт берилди. Бугун, 21 июлдан эътиборан Токио Олимпиадасининг футбол беллашувлари бошланди. 12 жамоа тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида ғолиблик учун курашга киришди.

Дастлаб “F” гуруҳида мусобақа фаворитларидан бири Бразилия Олимпия жамоаси Хитой билан рўбарў келди. Учрашув йирик ҳисобда якунланди. Марта рақиб дарвозасини икки бор ишғол этди, Дебора, Aндресса ва Беатрис биттадан гол уриб, йирик ҳисобни таъминлади. Эътиборди томони, “тўп сеҳргарлари” сардори — Марта 5 та Олимпиада баҳсларида гол киритишни уддалаган биринчи аёл футболчига айланди.

Нидерландия ва Замбия ўйини “голлар шоуси”га айланиб кетди. Мидеманинг покери, Мертенснинг дубли, Сенден, Рурд, Беренштейн ва Пелованинг голларига Замбия сардори Барбара Банда 3 гол билан жавоб берди. Ўйин 10:3 ҳисобида “лолалар юрти” вакилаларининг ғалабаси билан якунланди. Иккинчи турда, Нидерландия ва Бразилия ўзаро тўқнаш келади. Хитой эса Замбия билан баҳс олиб боради.

“Е” гуруҳида мусобақа мезбони Япония эса Канада билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.  Биринчи бўлимнинг 6-дақиқасида Синклер канадаликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, ўйин якунланишига 6 дақиқа қолганида Ивабучи мезбонларни мағлубиятдан қутқарган голни рақиб дарвозасига киритди.

Буюк Британия Олимпия жамоаси Уайтнинг дубли эвазига Чилини мағлуб этишни уддалади. Иккинчи турда Япония Буюк Британия билан, Канада эса Чили Олимпия жамоасига қарши баҳс олиб боради.

“G” гуруҳида сенсация кузатилди. Швеция термаси Блакстениуснинг дубли ва Хуртигнинг голи эвазига амалдаги жаҳон чемпиони — АҚШ жамоасини 3:0 ҳисобида таслим этишнинг уддасидан чиқди. Бироқ, аввалги Олимпия ўйинларида шведлар финалга қадар етиб борганини унутмаслик керак. 

Австралия эса Янги Зеландияни мағлуб этди. Учрашувда Керр ва Яллопнинг голларига Ренни сўнгги дақиқада жавоб қайтарди ва шу тариқа Австралия уч очкога эга бўлди. Кейинги турда Швеция Aвстралия билан куч синашади. AҚШ термаси Янги Зеландиялик олимпиячи қизларни синовдан ўтказади.

Маълумот ўрнида, иккинчи тур ўйинлари 27 июль куни ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Япония Швеция Бразилия Олимпиада Нидерландия Токио-2021

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг