Токио-2020 Олимпиадаси учун бокс бўйича йўлланмалар қай тартибда ўйналишини эълон қилди
Спорт
−
20 Июнь 2019
4718Айни кунларда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро Олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишда кўриб чиқилган дастлабки масала келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида бокс бўйича баҳсларнинг йўлланмалари қай тартибда тақсимланиши бўлди.
Унга кўра, Токио-2020 Олимпиадасида бокс баҳслари учун эркаклар ўртасида -52, -57, -63, -69, -75, -81, -91 ва +91 килогармм вазн тоифалари амал қилади. Аёллар ўртасида эса -51, -57, -60, -69 ва – 75 килограмм вазн тоифалари бўйича жанглар олиб борилади.
Осиё-Океания минтақаси учун жами 63 та лицензия ажратилиб, улардан 41 таси эркаклар, 22 таси аёллар бокси ўртасида тақсимланади. Олимпия вазн тоифаларида қитъалар учун турли миқдорда йўлланмалар ажратилди. Масалан, бизнинг минтақамизда -52, -57 ва -63 кг килограмм вазн тоифаларига 6 тадан, -69, -75 ва -81 кг вазн тоифаларига 5 тадан, -91 ва +91 кг вазн тоифалари учун 4 тадан ўрин ажратилган. Аёллар тоифасида эса -51 кг вазн учун 6 тадан, қолган категорияларга 4 тадан ўрин берилди.
Олимпиада учун саралаш турнирлари келаси йилнинг январь-май ойларида ўтказилиши белгиланди. Бу оралиғда 4 та қитъавий ва 1 та жаҳон миқёсида саралаш турнирлари ўтказилади. Ҳозирча саралаш мусобақа мезбонлари эълон қилинмаган. Январь-апрель оралиғида барча қитъалар бўйлаб минтақавий саралаш турнирлари ўтказилса, унда йўлланма ололмаганлар учун 2020 йилнинг май ойида жаҳон миқёсидаги лицензион мусобақа бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Токио Олимпиадасида бокс беллашувлари 25 июлдан 9 августга қадар бўлиб ўтади.