Тоғли Қорабоғда 300 нафар суриялик жангари бор - Макрон
Олам
−
02 Октябрь 2020
8689Қуролли можароларда Озарбайжон томонидан қатнашиш мақсадида Суриядан 300 нафар жангари Туркиянинг Газантепа шаҳри орқали Тоғли Қорабоғга ташланган. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқи саммитининг биринчи куни якунига бағишланган брифингда маълум қилган.
“Бу тасдиқланган факт. У одамлар кузатилган ва шахси аниқланган. Уларнинг барчаси ИШИД террорчилик ташкилотига алоқадор. Мен буни Владимир Путин билан муҳокама қилдим. Путин Россия ҳам бу маълумотни тасдиқлашини айтди”, деган Макрон.
Шунингдек, Франция Президенти, Туркиянинг НАТО аъзоси сифатида ўзини бундай тутиши нотўғрилигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, Анқара "қизил чизиқ"ни босиб ўтган.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.