Тизимни ғаразли ниятдаги шахслардан тозалаш диққатимиз марказида бўлади – Пўлат Бобожонов
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
10522Ўзбекистон Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов аҳолига мурожаат билан чиқди. Мурожаат матни “Янги Ўзбекистон”да чоп этилди.
“Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай тарихий шароитда қишлоқ, овул ва маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда”, дея сўз бошлаган Ички ишлар вазири.
Бобожоновга кўра, ички ишлар органларини тубдан ислоҳ қилиш жараёнларида жиноятчиликка қарши курашиш, ижтимоий хавфли қилмишларни фош этиш ва барвақт олдини олиш борасидаги ёндашувлар тубдан ўзгартирилган.
“Жиноятчиликни янгича услубда таҳлил этиш, ходимлар иш самарадорлигини уларнинг хизмат вазифасини қай даражада сифатли ва малакали бажаришига қараб баҳолаш механизми жорий этилгани иш сифати ва мазмунини тубдан яхшилаш имконини бермоқда. Бугунги кунда ички ишлар тизимидаги ҳар бир раҳбар ва ходимнинг кундалик хизмат фаолиятида рақам ва фоизлар ортидан қувиш эмас, балки фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиш биринчи галдаги вазифага айланмоқда”, дейилади мурожаатда.
Генерал-лейтенант, шунингдек, жорий йилнинг 28 июль куни Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида тизимдаги ишлар чуқур таҳлил қилиниб, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар аниқ кўрсатиб берилганини қайд этган.
“Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: тўққиз ярим мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаблигича қолмоқда. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, маҳалладаги жиноятчиликнинг илдизи кўпинча ижтимоий муаммоларга бориб тақалмоқда. Шунинг учун ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизимини тўғри йўлга қўйиш орқали профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолидан иборат “маҳалла бешлиги” ҳамкорлиги янада кучайтирилади”, дейди Пўлат Бобожонов.
Шу билан бирга, Бобожонов тизимда маънавий-ахлоқий масалаларга эътибор тубдан ўзгаришини қайд этган. Ички ишлар органлари ходимлари ҳар куни минглаб фуқаро билан мулоқотга киришиши ҳамда бу жараёнда уларнинг хушмуомала бўлиши, фуқаролар муаммоларига қонуний ечим топиши аҳоли, умуман, жамиятдаги ижтимоий кайфиятга жуда катта таъсир кўрсатишини таъкидлаган.
“Бундан буён ҳам кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳамда тизимни нопок, ғаразли ниятдаги, ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган шахслардан тозалаш ишлари диққатимиз марказида бўлади”, дейди ИИВ раҳбари.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь