Тизим раҳбарияти кибрли йўлни танлади – Депутат эпидемиологик вазият учун ССВни айблади

Жамият 17936
image

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча ой вақти бўлганига қарамай коронавирусга қарши рисоладагидек тайёргарлик кўра олмади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раисининг дастурлар ва ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Бобур Бекмуродов шундай фикр билдирди.

Депутат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемияга қарши курашда кўпроқ тест ўтказиш уни енгишда асосий омил бўлишини айтганини эслатиб ўтган.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё миқёсида COVID-19 пандемиясини эълон қилган пайтдаёқ, давлатларга энг муҳими имкон қадар кўпроқ тест ўтказиш, “тест-изоляция-даволаш” принципи асосида ишлашни тавсия қилган эди.

Ўзбекистонда давлат раҳбари ўз вақтида бу борада керакли топшириқларни берди ва маблағ ажратилди”, дейди Бобур Бекмуродов.

У ССВ тайёргарлик кўришга вақти бўлганига қарамай, аҳолини тестдан ўтказиш тизимини йўлга қўёлмаганини танқид қилди.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги тайёргарлик кўришга бир неча ой вақти бўлганлигига қарамай, аҳолига малакали маслаҳат бериш ёки даволаш тизимини яхшилаш у ёқда турсин, ҳаттоки аҳолини тестдан ўтказиш тизимини йўлга қўя олмади. Тиббиёт тизими раҳбарияти фикримча “ҳаммаси яхши, бемалол назоратга оламиз, эплаймиз” деган кибрли йўлни танлади. Афсус”, дейди депутат.

Дарҳақиқат, ССВ тест ўтказиш тизимини ташкил қила олмади. Мамлакатда эпидемиологик вазият бирмунча барқарор бўлиб турган вақтларда аҳолини тўлиғича коронавирусга текшириш пайида бўлинмади. Антитана тестлари ҳам ўтказилмади. Энди эса касаллик тарқалиши тобора авж олиб боряпти. Бунинг натижасида мамлакат қатъий карантинга қайтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 627
Рейтинг: 3
t
×