ТИВ Ватанга қайтишни истамаган ўзбекистонликлар фуқароликдан чиқарилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди
Жамият
−
08 Апрель 2020
21936Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Президенти 31 март куни йиғилиш ўтказгани ва барча фуқароларни 10 апрелга қадар Ватанга қайтариш тўғрисида фармон имзолагани, Ватанга қайтишни истамаганлар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабар юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, ТИВга, чет элдаги, айниқса қўшни мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарга ҳам шу мавзуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
“Давлатимиз раҳбари, Ҳукумат, Республика махсус комиссияси томонидан фуқароларимизнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар жамоатчиликка расмий ахборот ресурслари орқали етказилади. Ушбу хабар эса ҳеч бир расмий манбаларда эълон қилинмагани сабабли ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз.
Фуқароларимиздан асоссиз хабарларни тарқатмасликларини, ижтимоий тармоқлардаги бирор маълумотни бўлишишдан олдин уни расмий манбалар орқали текшириб кўришларини сўраймиз”, дейилади ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг кенг миқёсда тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун Республика махсус комиссияси қарори билан 30 март соат 00:01 дан 20 апрель 00:01 га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилди ва авиақатновлар бутунлай тўхтатилди. Ҳозирда маҳаллий ва халқаро аэропортлар буткул ёпилди. Аэропорт ишчи-ходимларига вақтинча таътил берилган. Фавқулодда ёки бошқа махсус ҳоллардагина улардан фойдаланиш мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь