ТИВ Исроил-Эрон уруши юзасидан ўзбекистонликларга мурожаат қилди

Жамият

image

Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли тўқнашувларда Ўзбекистон фуқароларини тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини сақлашга чақирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада кучайиб, қуролли тўқнашувларга айланган. Бу эса нафақат минтақада, балки бутун дунё ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотмоқда.

Можаронинг авж олиши бутун минтақа барқарорлиги ва тинчлигига таҳдид солаётгани шубҳасиз. Бу жараёнлар, аввало, оддий фуқаролар – тинч аҳоли, айниқса болалар ва аёллар учун оғир оқибатларга олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси урушни муаммоларни ҳал этиш воситаси деб эмас, балки инсон ҳаёти, барқарорлик ва тараққиётга жиддий хавф солувчи ҳолат сифатида баҳолайди. Урушда ғолиб бўлмайди. Энг катта йўқотишни доим оддий инсонлар тортган ва бугун ҳам шундай бўлмоқда.

“Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб келган ва шундай давом этади. Мамлакатимиз барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириб келмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларини тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини сақлашга чақириб қоламиз. Можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туриш барчамизнинг умумий бурчимиздир”, дейилади мурожаатда.

ТИВ, шунингдек, фуқароларни турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмасликка, ҳолатларга нисбатан ҳиссиёт эмас, балки вазмин муносабатни сақлаб қолишга даъват этишини билдирган.

“Жамиятимизда миллий ва диний тотувликни сақлаш – умумий барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим кафолати эканлигини эслатамиз. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги барча можаролар халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик мулоқот асосида тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини яна бир бор таъкидлайди. Тинчлик ва ўзаро ҳурмат асосидаги муносабатлар ҳар доим юртимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади”, дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тобора авж олиб бораётгани боис Ўзбекистондаги исроилликларни огоҳлантирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ташқи ишлар вазирлиги Исроил-Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг