Туркия TikTok'даги контентлар устидан қаттиқ кураш бошлади
Олам
−
06 Декабрь 2023
5316Туркия ҳукумати TikTok ижтимоий тармоғидаги 600 дан ортиқ аккаунтни беҳаё мазмундаги контентни жойлаштиргани учун текширмоқда. 13 киши қўлга олинди, 14 нафарини мамлакатдан чиқариб юбориш чоралари кўрилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоя маълум қилди.
“Олти ой давомида TikTok’даги 1332 нафар аккаунт маъмуридан 13 нафари қўлга олинди, 42 нафаридан мамлакатдан чиқмаслик тўғрисида тилхат олинди, 14 нафарига нисбатан Туркиядан чиқариб юбориш чоралари кўрилди. Маълумотлари бўлимларимизга юборилган 612 та ҳисоб қайдномаси бўйича зарур чоралар кўрилмоқда”, дейди вазир.
Туркия расмийлари яқинда TikTok ва унинг машҳур блогерлари устидан назоратни кучайтириш зарурлиги ҳақида гапирди. Ҳукмрон "Адолат ва тараққиёт" партияси депутати, рақамли медиа бўйича парламент комиссияси раҳбари Ҳусайн Яйман 4 декабрь куни “A Haber” телеканалида айтганидек, блогерлар фаолияти “миллий хавфсизлик масаласига” айланди.
Унинг сўзларига кўра, 7 декабрь куни парламент комиссияси аъзолари TikTok’нинг Евроосиё ва Туркиядаги расмий вакили билан мулоқот қилишни ва унга ижтимоий тармоқ юзасидан кўплаб шикоятлар ҳақида хабар беришни режалаштирган. Турк қонунчиларининг TikTok фаолиятига нисбатан асосий шикояти шундаки, Туркияда феномен деб аталадиган энг машҳур маҳаллий блогерларнинг хатти-ҳаракатлари кўпинча маънавий ва ахлоқий қадриятлар асосларига зид келади. Депутатлар блогерлар фаолияти, жумладан, уларнинг салмоқли улуши мухлислар хайриялари, шунингдек, рекламадан тушган даромадлари устидан молиявий ва солиқ назоратини жорий этиш зарур деб ҳисобламоқда.
LiveБарчаси