Блогерлар устида қора булут. Туркия TikTok устидан назоратни кучайтирмоқчи

Олам

image

Туркия ҳукумати TikTok ижтимоий тармоғи ва унинг машҳур блогерлари устидан назоратни кучайтириш зарур деб ҳисоблайди, чунки уларнинг мамлакатдаги фаолияти миллий хавфсизлик масаласига айланган. Бу фикрни “A Haber” телеканалида Эрдўған раҳбарлигидаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси аъзоси, рақамли медиа бўйича парламент комиссияси раиси Ҳусайн Яйман билдирган. 

“Судда кўриб чиқилаётган ишлар бор [ушбу ижтимоий тармоқнинг энг машҳур блогерлари бўйича]. Мен бу масалаларда гапира олмайман, лекин кўча-кўйда одамлар давлатдан ўз фарзандлари ва оилаларини ҳимоя қилишни, чора кўришни сўрашмоқда. Ҳаракатлар керак, бу одамлар устидан ҳуқуқий ва молиявий назорат бўлиши шарт. Бу миллий хавфсизлик масаласига айланди”, дейди у. 

Яйманнинг айтишича, 7 декабрь куни парламент комиссияси аъзолари TikTok’нинг Евроосиё ва Туркиядаги расмий вакили Эмир Гелен билан мулоқот қилишни режалаштирмоқда. Улар унга ижтимоий тармоқ юзасидан кўплаб шикоятлар билан мавжуд вазиятни тушунтириб беришади ва бу борада аниқлик киритишни кутишади. 

Қонунчиларнинг Туркиядаги TikTok фаолиятига нисбатан асосий шикояти шундан иборатки, республикада феномен деб аталадиган бир қанча машҳур маҳаллий блогерларнинг хатти-ҳаракатлари кўпинча маънавий ва ахлоқий қадриятлар асосларига зид келади, бу борада жамиятнинг муҳим қисмида якдил фикр мавжуд.

Яйманнинг сўзларига кўра, келажак авлоднинг ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ушбу фаолият билан боғлиқ қоидаларни жорий этиш керак.

Шунингдек, у энг машҳур феноменлардан баъзилари намуна бўлишга даъво қилганига, лекин TikTok тармоғидаги уятли видеолари билан аслида Туркиянинг 85 миллион фуқароси учун ёмон ўрнак бўлганига эътибор қаратди. 

Шу муносабат билан қонунчилар блогерлар фаолияти, жумладан, уларнинг салмоқли улуши мухлислар хайриялари, шунингдек, рекламадан тушадиган даромадлари устидан молиявий ва солиқ назоратини жорий этиш зарур, деб ҳисобламоқда. Улар ижтимоий тармоқлар раҳбарияти билан мавжуд даъволарнинг бир қисмини ҳал қилишни кутмоқдалар, бироқ баъзи тартибга солиш тамойиллари тез орада парламентда муҳокама қилинадиган янги қонун лойиҳаларига киритилади.

Яйманнинг тушунтиришича, унинг қўмитаси ижтимоий тармоқларга нисбатан санкциялар қўллаш ваколатига эга эмас, лекин у регуляторларга муайян чораларни тавсия қилиши мумкин. Шу билан бирга, мумкин бўлган чора-тадбирлар қаторига, унинг сўзларига кўра, лицензияларни бекор қилиш, рекламани тақиқлаш, шунингдек, контентни эълон қилиш учун муайян стандартларни жорий этиш киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия TikTok

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг