Тихановская Россиядан Лукашенкони қўлламасликни сўради
Олам
−
08 Декабрь 2020
6217Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Беларусь мухолифати Россия томони билан мулоқотга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, мухолифат Россия мамлакат суверенитети ва унинг миллий манфаатларига ҳурмат кўрсатиш шартини бажариши шарти билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокараларга тайёр.
"Россия ҳар доим бизнинг энг яқин қўшнимиз бўлиб келган. У билан ҳамкорлик қилишдан бошқа танловимиз ҳам йўқ. Россиядан сўрайдиган ягона нарсамиз – Лукашенкони қўллаб-қувватлашни тўхтатиш (Беларусь Президенти Александр Лукашенко)", - дея таъкидлаган Тихановская.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда бўлиб ўтаётган норозилик акциялари "геосиёсий танлов билан" боғлиқ эмас.
Мухолифатчининг таъкидлашича, у Шарқ билан ҳам, Ғарб билан ҳам ҳамкорлик сиёсатини олиб бориш ниятида.
Аввалроқ, Тихановская 45 кун ичида Беларусь Президенти бўлиши мумкинлигини айтганди.
Маълумот ўрнида, Беларусда жорий йилнинг 9 август куни мамлакат президентлиги учун сайловлар ўтказилганди. Расмий натижага кўра, сайловда Александр Лукашенко 81 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Аммо мамлакат халқи бу натижани қабул қилишни хоҳламай, намойишга чиқди. Сайловдан кейин бир ой давомида ҳар куни тинч норозилик намойиши уюштирилди. Аммо Ҳукумат полиция ва ОМОН гуруҳини ишга солиб, митингларни тарқатишга уринди. Юзлаб одамлар қўлга олинди.
Октябрь ойидан бошлаб ҳафтанинг охирида намойиш уюштириладиган бўлди ва бу ҳозиргача давом этяпти.
Сайловда Лукашенкога рақиблик қилган мухолифат етакчиси Светлана Тихановская Беларусни тарк этиб, Литвадан паноҳ топди. У ҳамон аҳолини Лукашенкога қарши намойишлар уюштиришга чақириб келяпти.