“Тихановская кучи”: АҚШ Беларусга қарши янги санкциялар эълон қилиши мумкин
Олам
−
07 Август 2021
3367АҚШ жорий йилнинг 9 август куни Беларусга қарши янги санкцияларни эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Конгрессидаги манбага таяниб CNN хабар бермоқда.
Қайд этилишича, санкциялар эълон қилиниши Беларусдаги президентлик сайловларининг бир йиллигига тўғри келиши керак. Таъкидланишича, чекловлар нимага қаратилгани ҳозирча аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден 28 июль куни Беларусь мухолифати етакчиси ва собиқ президентликка номзод Светлана Тихановская билан учрашганди. Учрашувда Тихановская Вашингтон Беларусга қарши тармоқ санкцияларини жорий этишига умид билдирган.
Тихановская жорий йилнинг 18 июль куни Қўшма Штатларга келган ва у ерда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, Сенат қўмитаси раиси ва АҚШнинг Беларусдаги элчиси Жули Фишер билан учрашган.
Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг август ойида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин мамлакатда ички сиёсий мувозанат бузилди. Сайловда 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қозонганди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотиб, мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланганди. Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси